Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорлик доирасида эришилган ютуқлар ҳамда инвестициявий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.
Ўзаро савдо ҳажми изчил ошиб бориб, жорий йил январь-август ойларида 30 фоизга ўсгани қайд этилди. Бу кўрсаткичга ҳамда Буюк Британия бозорига экспортни диверсификация қилиш ва ҳажмини 50 фоиздан ортиқ оширишга бошқа омиллар қаторида, Ўзбекистоннинг кенгайтирилган GSP схемасининг бенефициар мақомини олиши ҳисобига эришилди. Ўзбек товарлари ва хизматлари сифатини ошириш ва уларни ташқи бозорларда илгари суриш учун Буюк Британиянинг илғор тажрибаси асосида рақамли экотизим концепциясини тайёрлаш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистонда Британия компанияларининг қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, шунингдек, IT сектори ва яшил иқтисодиёт каби соҳаларда инвестициявий фаоллигини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, инвестициявий муҳитни яхшилаш, лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлигини юксалтириш ва Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга доир қўшма амалий чора-тадбирлар кўришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари алоҳида тартибда муҳокама этилди. Савдо ва инвестициялар, транспорт ва коммуникациялар, энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш учун 5+1 форматидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташыи савдо вазирлиги матбуот хизмати.