Льюис Фудж 2023 йил март ойида Хэмпширдаги деҳқон даласида металл детектор ёрдамида тангани топди. Кельт нумизматикаси бўйича мутахассислар тангани ўрганиб чиқиб, уни “сўнгги ўн йилликнинг энг ажойиб кашфиётларидан бири” деб тан олишди.
Тарихий йилномаларда илгари учрамаган тангада “Эсунертос” номи муҳрланган. Мутахассисларнинг аниқлашича, у милоддан аввалги 50-30 йилларда, Юлий Цезарнинг Британияга биринчи босқинидан кейин зарб қилинган.
Милоддан аввалги 55 йилда қўмондон 20 минг Рим аскари билан Кент қирғоғига тушди. Бироқ минглаб кельт жангчилари уларни кутиб туришган ва римликлар чекинишга мажбур бўлишган.
Кейинги йили Цезарь 50 минг аскар билан қайтиб келган, маҳаллий қабилаларни мағлуб этган ва Темзага етиб келган, аммо уч ойлик жанглардан сўнг армия Галлиядаги қўзғолонни бостириш учун қайтиб кетишга мажбур бўлган.
Мутахассисларнинг фикрича, “Эсунертос” Хэмпширда жойлашган Дейнбери тоғ қалъасида ҳукмронлик қилган бўлиши мумкин. Бу истеҳком милоддан аввалги VI асрда қурилган ва 500 йил давомида фойдаланилган, вақти-вақти билан қайта қурилган, деб хабар беради mir24.tv.
Тахминларга кўра, бу исм “Эзус худоси каби қудратли” (Кельтлар афсонасидаги худо) деган маънони англатиши мумкин.
“Бир пайтлар унутилган Эсунертос энди тарихий ёзувларда муҳим ўрин эгаллайди”, деб таъкидлашди олимлар.