Учрашув стипендиатлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларнинг ўқишлари, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, келажак режалари билан ўртоқлашиш мақсадида ташкил этилди. Қолаверса, хорижда таҳсил олаётган ватандошларимиз ўртасида дўстона алоқаларни йўлга қўйиш ҳам мақсад қилинди.

Шунингдек, келгусида уларни давлат фуқаролик хизматидаги масъулиятли вазифаларга жалб этиш мақсадида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, соҳадаги барча ўзгаришлардан хабардор қилиб бориш ҳам мақсад қилинди.

Ушбу учрашув Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Жамғарма раҳбарияти иштирок этган онлайн мулоқотда стипендиатлар томонидан таклиф этилганди.

Учрашувда стипендиатлар она ватанидан олиб борилган ноз-неъматлардан татиб кўришди, дастурхонга тортилган миллий таом эса уларга она ватани билан азиз эканлигини яна бир бор эслатди.

Маълумот ўрнида, бу каби мулоқотлар Ўзбекистоннинг бошқа дипломатик ваколатхоналарида ҳам ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати.