Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси масъул раҳбарларининг давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет очиқлигини таъминланганлик ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этилди. Жумладан, Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан биринчи ва иккинчи даражали ҳамда ҳудудий бюджет маблағларининг тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, давлат молиявий назорат органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлайдиган маълумотларни жойлаштириш устидан тизимли назорат олиб борилган.
«Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги Молия вазирлигининг буйруғи (Адлия вазирлигида 2021 йил 7 майдаги 3299-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) билан тасдиқланган Низомга кўра, бюджет маблағлари сарфланиши юзасидан тегишли маълумотларни расмий веб-сайтларга жойлаштириб бориш шакллари, тартиблари ва муддатлари белгилаб берилган.
Тақдим этилган таҳлилларга кўра, вазирлик ва идоралар томонидан ушбу тартибга риоя қилиш аҳволи қониқарли даражада эмас. Хусусан, танлов асосида ўрганилган 133 та ташкилотлар томонидан расмий веб-сайтларига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлайдиган маълумотларнинг 2022 йил 10 февраль ҳолати бўйича жойлаштирилиши таҳлил қилинганда, 66 та вазирлик ва идорада тегишли маълумотлар тўлиқ равишда жойлаштирилган бўлсада, 13 та вазирлик ва идорада тегишли маълумотлар қисман жойлаштирилган, 54 та вазирлик ва идорада эса тегишли маълумотлар умуман жойлаштирилмагани аниқланган.
Жамоатчилик эшитувига мазкур масалада бюджет очиқлигини таъминламаган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Кинематография агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг масъул раҳбарлари кенг жамоатчиликка бу борада тушунтириш бериш учун таклиф этилди.
Маълумки, 2021 йилнинг 16 июнида «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига жами 13 та тоифадаги ахборотларни ўз расмий веб-сайтида ҳар чоракда эълон қилиш ва даврий янгилаб бориш тартиби белгиланган.
Бироқ ўрганиш ва таҳлилларда айрим давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларини ҳар чоракда эълон қилмасдан келаётгани аниқланди. Жумладан, 2021 йил 4-чорагида уларнинг 80 таси ушбу маълумотларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштирмаган. Ёки хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари бўйича ҳисоботлар ўрганилганда ҳам вазият қониқарли эмаслиги, 88 та идора ўз вақтида очиқланмагани маълум бўлди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида бюджет очиқлигини таъминлаш юзасидан тегишли маълумотлар жойлаштирилмаган.
Шу билан бирга, ўтган 2021 йилда фуқароларни бюджет жараёнида ҳудудларда жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирлар натижасида айрим ҳудудларда умуман овоз тўпламаган ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот порталида «ғолиб» деб топилмаган таклифларни молиялаштириш ҳолатлари аниқланган. Мисол учун, Жиззах вилояти Зарбдор туманида 4 та, Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 5 та таклиф ўрнатилган талабларга зид равишда молиялаштирилган. Жамоатчилик эшитуви давомида бюджет очиқлигини таъминламаган тегишли давлат органлари ва ташкилотлари масъулларининг ахбороти ҳам эшитилди.
Жамоатчилик эшитувида мутасаддиларга бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш устидан назорат Ҳисоб палатасига юклатилгани, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилди.
Эшитувда мазкур вазифаларни эътибордан четда қолдирган ташкилотлар мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини тўлиқ таъминлашга салбий таъсир кўрсатган ҳолда, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали жамоатчилик назоратини олиб боришга тўсқинлик қилаётгани таъкидланди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоизки, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи механизмлар янада самарали ишлаши натижасида мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда ўз ўринлари юқори поғоналарга кўтарилишида муҳим ўрин тутади.