Хусусан, шу йил 1 июлдан бошлаб 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, улар мобил телефон орқали амалга оширилади. 6 турдаги лицензия олиш учун сўраладиган ҳужжатларпга чек қўйилади,  аҳоли ва тадбиркорлар учун ўнга яқин давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилади. Шунингдек, коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиши ҳам бекор қилинади.

— Президентимиз эътироф этганидек, ушбу масалалар инсон қадри, халқ розилиги билан боғлиқ, — дейди Ўзбекистон РеспубликасиАдлия вазири Руслан Давлетов. — Бу мақсадга ҳар бир хизматнинг қулай ва шаффофлигини таъминлаш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, рақамлаштиришни кенгайтириш орқали эришилади. Масалан кейинги уч йилда 73 та талаб бекор қилинди. Бу қулайликлар бевосита 20 миллион аҳолининг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди ва улар томонидан харажат қилиб келинаётган  300 миллиард сўмни тежаш имконини берди.

Агар лицензиялаш йўналишини оладиган бўлсак, ҳар бир тадбиркорнинг давлат хизматларидан баҳрамандлигини таъминлаш учун очиқ ва қулай янги электрон тизим юзага келтирилди. Бундан ташқари, 132 та лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатлар бекор қилинди. Бугунги кунда барча ҳужжатлар масофавий шаклда амалга оширилмоқда. Бу тизим янада ривожлантирилади.

Президентимиз йиғилишда давлат хизматлари соҳаси бўйича тасдиқланган янги беш йиллик стратегиясидан ўрин олган вазифалар ижросини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Чунки, мазкур миллий дастурнинг ҳар бир бандига масъул бўлган ижрочиларилар ҳам, уларни бажариш муддатлари ҳам аниқ белгиланган. Бу борада ихчам ва самарадор “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Олдинда турган асосий вазифа уларнинг энг қуйи бўғиндаги ижросини амалда таъминлашдан иборат. Чунки, маҳаллаларда яшовчи фуқаролар тизимда рўй бераётган ўзгаришлар, инсонни қадрлаш учун амалга оширилаётган давлат хизматлари қулайлиги ва самарасини ўз ҳаётларида сезишлари зарур.

Яна бир муҳим масала, бу — фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар вақтини қисқартириш.  ХХ1 асрда энг катта ресурс —  вақт. Унинг тежалиши, аҳолини овора қилмаслик учун давлат хизматларини туман ёки вилоят марказларига бормай, маҳалланинг ўзида олишлари керак. Бу вазифа миллий стратегиянинг энг муҳим бўғинини ташкил этади ва биз уни ҳам, албатта, бажарамиз.

Ўта муҳим ҳуқуқий асослар

Иқтисодиётни либераллаштириш ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсати энг устувор вазифалардан бири. Бу борадаги мезонлар босқичма-босқич ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ этиляпти, десак ҳеч бир муболаға қилмаган бўламиз.

Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда йирик корхоналар раҳбарлари иш вақтининг 31 фоизи, кичик корхоналар етакчилари кундалик фаолиятининг 26 фоизи бюрократик масалаларни ҳал қилиш, давлат органлари ҳамда ҳокимликлар билан муносабатларга киришиш учун сарфланаётгани қайд этилган. Адлия вазирлиги ходимларининг фикрича,  ушбу вақт самаралироқ тарзда, масалан, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга, иш самарадорлигини оширишга ва корхоналар тушумларини ошириш масалаларини ҳал этишга хизмат қилиши мумкин эди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 августдаги “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ушбу соҳани кескин енгиллаштиришга қаратилган, барча масалаларни комплекс қамраб олган муҳим ҳужжат бўлди.

— Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида барча лицензияланадиган фаолият ва рухсатномалар тегишли ваколатли органлар билан бирма-бир таҳлил қилинди, — дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Бунёд Азизов. — Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишда ҳанузгача бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилаётгани, соҳада ахборот технологияларини жорий этиш талаб даражасида эмаслигини кўрсатди.

Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан буён мингга яқин белгиланган бюрократик жараёнлар қисқартирилди. Хусусан, 68 та лицензияланадиган фаолият ва 34 та рухсатнома бекор қилинди ҳамда тартибга солишнинг муқобил усулига ўтказилди. Шундан 36 та лицензияланадиган фаолият ва 10 та рухсатнома, 16 та лицензияланадиган фаолият ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан, 16 та лицензияланадиган фаолият ва 13 та рухсатнома хабардор қилиш тартибига ўтказиш орқали бекор қилинди. Натижада тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 125 миллиард сўм маблағи иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қоладиган бўлди.

Яна бир жиҳати, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари “Лицензия” ахборот тизими орқали тўлиқ электронлаштирилди. 115 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш ҳамда 14 турдаги фаолият бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатини қисқартириш орқали бизнес жараёнлар ва маъмурий тартиблар енгиллаштирилди. Фаолиятни бошлашдаги вақт лицензиялар учун 30 кунгача, рухсатномалар учун 20 кунгача қисқарди.

2021 йил 15 июлдан Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни амалиётга жорий этилди. Унга асосан лицензия ва тартибга солиш соҳасидаги юзга яқин қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотди. 49 та лицензия, 120 та рухсат бериш ҳужжати ҳамда 33 та хабарноманинг якуний рўйхати тасдиқланди.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, шу пайтгача мавжуд бўлмаган ваколатли органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ мутлақо янги, соддалаштирилган механизм жорий этилди. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўлиқ рақамлаштирилиши ва бу жараёнлар “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар қайси ҳолатларда суд томонидан ва қайси ҳолатларда ваколатли орган томонидан бекор қилинишининг аниқ чегаралари белгилаб берилди.

Ишбилармонлик муҳити янада яхшиланади

Баҳор борлиққа яшариш ва янгиланишларни олиб келади. Бугунги кунда бундай жараённи лицензия ва рухсатнома бериш бўйича тартиб-таомиллардаги янги ўзгаришларда ҳам кузатиш мумкин.

Бугунги кунга қадар лицензия ва рухсатнома бериш бўйича тартиб-таомиллар 200 га яқин турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Ушбу низомлардан фойдаланиш, уларни қидириб топиш тадбиркорларга ноқулайлик олиб келаётган эди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг фойдаланиши қулай бўлиши учун ушбу ҳужжатлар унификациялаштирилиб, ягона низом шаклида белгиланди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги қарорига биноан Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан 29 та лицензияланадиган фаолият турининг, 22 февралдаги қарорига мувофиқ, Махсус электрон тизим орқали айрим рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низом билан эса 28 та лицензияланадиган фаолият тури паспортлари тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 25 февраль куни қабул қилинган яна бир қарорда эса, фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби белгиланди.

— Шу йилнинг 1 мартидан кучга кирган ушбу қарорлар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартибини тизимлаштириш борасида қўйилган муҳим қадам бўлди, — дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жавоҳир Қулизода. — 2021 йил 1 январдан бошлаб илгари белгиланган мингга яқин бюрократик жараёнлар қисқартирилди. Уларда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари бўйича умумий қоидалар белгиланди ва ҳар бир фаолиятга хос хусусиятлар низомга илова қилинган 57 та паспортда аниқ белгилаб қўйилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ягона низомларда акс этмаган ва лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилишнинг ўзига хос хусусиятлари паспортларда ҳар бир фаолият туридан келиб чиқиб тақдим қилинадиган ҳужжатлар, аризани кўриб чиқиш муддатлари, бунинг учун тўланадиган йиғим ва бож миқдори, талаб ва шартлари каби бошқа маълумотлар ҳам акс эттирилган.

Эндиликда барча аризалар электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида қабул қилинади. Бу билан фуқароларнинг давлат органларига бориш ва кутиш каби ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилди. Бунда, аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари берилганда, улар лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун мурожаат қилинган вақт ҳисобланади.

Лицензия ёки рухсатнома олишда талабгорнинг бошқа келишиладиган идоралардан хулосасини олиб, аризага илова қилиш амалиёти бекор қилинди. “Бир дарча” тамойили асосида лицензияловчи органнинг “Лицензия” ахборот тизими орқали тегишли хулосаларни бошқа органлардан ўзи олади, хулоса ўз вақтида тақдим этилмаса, ижобий хулоса олинган, деб ҳисобланади. Бунда келиб чиқадиган оқибатлар учун жавобгарлик хулосани кечиктирган орган зиммасида бўлади.

Лицензиялаш ёки рухсат бериш жараёнида бюрократияга йўл қўймаслик мақсадида паспортларда белгиланган талаб ва шартлардан ташқари ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди. Эндиликда ушбу низомларда белгиланмаган асослар бўйича лицензия ёки рухсатномани бериш мақсадга мувофиқ эмас, деган важ рад этишга асос бўлмайди. Агар шундай ҳолатга йўл қўйилса, ваколатли органнинг маъмурий жавобгарлиги кўриб чиқилади.

Ушбу ҳужжатлар билан ҳукуматнинг 250 та қарори ўз кучини йўқотган деб топилди, 35 тасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

"Янги Ўзбекистон" мухбири