Бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилаётган амалий ва тарғибот ишларига қарамай, ноқонуний никоҳлар учраб турибди.

Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида «мулла» ёки «домла» деб танилган кимсалар мана шундай ишларга қўл ёраётганлари кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато эканига амин бўламиз.

Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи «домла» деб номлаб, шаръий ҳукмларни билмаган, ҳатто, оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган киши қандай қилиб, шаръий никоҳ ўқиш каби масъулиятли ишга қўл уруши мумкин.

Мана шундай норасмий шахслар ўзбошимчалик билан никоҳ шартларига амал қилмай, сўраб-суриштирмай, тиббий кўрик хулосаси ва ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаган, яна ачинарлиси, никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларнинг никоҳларини ўқиши оқибатида турли салбий ҳолатлар юз бермоқда.

Масалан, она ва бола саломатлигига жиддий зиён етмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига шикоят қилинаётган оилавий масалаларни таҳлил қилинса, аксар ҳолда ФҲДЁ рўйхатидан ўтмаган оилаларда ажрим кўплиги ва бундай ҳолларда аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганлари маълум бўлмоқда. Натижада, оилалар пароканда бўлиб, болалар тирик етим бўлиш каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.

Ҳозирги кунда, шаръий никоҳ ўқишга лойиқ бўлмаган, норасмий кишилар томонидан никоҳ ўқилиши юқоридаги бир қанча муаммоларга сабаб бўлаётгани учун бундай шахсларга жавобгарлик қўлланмоқда. Агар ноқонуний никоҳ ўқишга чора кўрилмас экан, жуда кўпчилик оилалар бундай ўзбошимчаликдан зарар кўриши аниқ.

Шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган Фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномаси бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътироф қилиш ўринлидир. Норасмий кишиларнинг ушбу гувоҳномани суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, расмий имомларнинг бундай гувоҳномани сўраб, сўнг никоҳ ўқишлари ёш оиланинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.

Зарина НУРИДДИНОВА,

Самарқанд тумани ФҲДЁ бўлими мудираси.