Ҳавода учиб юрган чанг аэрозол деб, юзага чўккани эса аэрогел деб ҳам аталади. 

Чанг аэродинамик систеъма бўлиб, дисперсион муҳитни ҳаво, дисперс фазани эса қаттиқ заррачалар ташкил этади. Чанг инсон организмида доим таъсир этиб турувчи омиллар туркумига киради ва маълум шароитларда организмга таъсир кўрсатади. 

Чанг одам организмга таъсири бўйича қуйидагича таснифланади: 

1) фиброген  

2) заҳарли  

3)  аллергенли 

4)  канцерроген

5) қичитувчи

6) ионлантирувчи 

Келиб чиқиши бўйича: 

  1. Органик - ўсимлик, ҳайвон ва бошқа трик организмлардан ажралиб чиқадиган; 
  2. Ноорганик – турли қаттиқ моддалар (тупроқ), минераллар ва металлардан ажралиб чиқадиган.

Дисперслиги (ўлчамлари) бўйича: 

  1. кўринадиган чанг - катталиги 10 мкм дан юқори; 
  2. микроскопик чанг - ўлчами 10 дан 0,25 мкм гача; 
  3. субмикроскопик чанг - катталиги 0,25 мкм дан кичик чанглар.  

Чангларнинг дисперслиги уларнинг ҳаводаги турғунлиги, нафас йўлларига кириш ва қанча чуқурликка кириб бориш имкониятини белгилайди. Чангларнинг ўлчами қанча кичик бўлса, улар нафас йўлларига шунча чуқур кириб боради, ўпкада шунча кўп ушланиб қолади ва фиброгенлик ҳусусиятини оширади. Нафас олганда альвеолаларга асосан 5 мкм гача катталикдаги заррачалари киради. Фиброгенлик ҳусусияти бўйича 1-2 мкм бўлган чанглар жуда ҳавфли ҳисобланади.  

Чангнинг кўриш органларига таъсир қилиши, яллиғланишни (конъюнктивит), профессионал катарактани келтириб чиқариши ва кўзнинг шиллиқ қавати ва шох пардасига кучли сезувчанлик таъсирини кўрсатиши мумкин. Терининг ифлосланиши, ҳар хил таркибдаги чанг ҳар хил турдаги дерматит ва экземаларни келтириб чиқаради. 

Чангнинг организмга таъсирининг ҳар хил кўринишда бўлишини уларнинг кимёвий таркиби белгилайди. 

Чангнинг асосий таъсири энг аввало нафас олганда вужудга келади. Чангли ҳаво билан нафас олиш асосан нафас органларининг зарарланиши: бронхит, пневмокониоз ёки умумий зарарланиш  ривожланишини вужудга келтириши мумкин. Баъзи бир чанглар қўшимча касалликларни келтириб чиқариши хусусиятига эга. Буларга юқори нафас йўллари, кўзнинг шиллиқ қавати, тери қоплами касалликлари киради. Чангнинг ўпка йўлига кириши пневмония, сил, ўпка ракининг келиб чиқишига шароит яратиши мумкин. 

Нафас олиш тизимини ҳимоя қилиш учун чангга қарши респираторлар қўлланилади. Ҳимоя кўзойнаклари кўзларни чанг зарралари таъсиридан ҳимоя қилиш учун ишлатилади. 

 Соғломлаштириш чора-тадбирлари: 

  1. Уй, хонадон, ишхона дераза ва эшикларни чанг киримайдиган қилиб ёпинг; 
  2. Ташқарига ва кўчага чиққанда тиббий ниқобдан фойдаланинг; 
  3. Кўпроқ сув ичинг; 
  4. Очиқ ҳавода ҳаракат қилишни чекланг; 
  5. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташланг; 
  6. Кўзларни ювиш тавсия этилади. Айниқса, линзадан фойдаланувчилар учун бу жуда муҳим.  
  7. Тутунга тўла хоналарда чекиш хавфли. Чунки ифлосланган об-ҳаво ҳисобига саломатлигимизга етадиган зиён бир неча баробар ошиб кетади.  
  8. Хомиладорлар, эмизикли аёллар, қариялар, аллергияси борлар, сурункали бронхитлар ва болаларнинг уйда бўлиши тавсия этилади. 

                      Тошкент тиббиёт академияси          

 Эпидемиология кафедраси