Инсоннинг соғлигини у дунёга келмасидан аввал ҳимоя қилишни бошлаш илғор тиббий тафаккур ҳукмрон бўлгандагина юз бериши мумкин. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар шу мезон асосида олиб борилмоқда.
Бу борадаги ишларни тизимли ривожлантириш, оналар ва болаларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, туғма нуқсонларни чақалоқ дунёга келган заҳоти бартараф этиш мақсадида мамлакатимизда малакали мутахассислар ва энг замонавий технологиялар билан таъминланган қатор тиббиёт муассасалари фаолият юритмоқда. Республика перинатал маркази — ана шундай масканлардан.
— Ҳар бир ҳомиладор аёл ва янги туғилган чақалоқ туғиш ва туғуруқдан кейинги давр мобайнида сифатли тиббий ёрдам олиши керак, — дейди Республика перинатал маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Нилуфар Ўринбоева. — Юртимизда йилига ўрта ҳисобда 700 000 нафардан зиёд чақалоқ дунёга келса, уларнинг 35 мингдан ортиғини эрта туғуруқлар ташкил қилади. Муддатидан олдинги туғуруқлар, асосан, юртимиздаги перинатал марказларда амалга оширилади. Чунки эрта туғилган чақалоқнинг вазни анча кичик бўлади. Улар 2 минг граммгача, ҳатто ўта кичик вазндагилар минг граммгача бўлиб, бу перинатал ўзгаришлар хавфини кучайтиради. Оналар ва болалар соғлигини янада яхшилаш, ҳомиланинг тўғри ривожланишини назорат қилиб бориш, нуқсонлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Республика перинатал маркази қошида Консультатив диагностика поликлиникаси ташкил этилган.
Хўш, бу муассаса ўз олдига қўйган мақсадларни қанчалик уддаламоқда? Мазкур саволга Республика перинатал маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Саида Ҳасанова жавоб берди:
— Марказимиз қошидаги Консультатив диагностика поликлиникаси қарийб 10 йилдан буён оналар ва болалар саломатлиги йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда, — дейди С.Ҳасанова. — Бу ерда Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “Аёллар ва болалар катамнези” йўлга қўйилди.
Бу – туғуруқ асоратли кечиши кутилган аёлларнинг ҳамда улардан туғилган перинатал хавфи юқори, кичик ва жуда кам вазнли чақалоқларнинг бир йил давомидаги динамик кузатуви бўлиб, ушбу мониторинг орқали она ва бола малакали мутахассислар назоратида бўлади.
Аёллар катамнези акушер-гинеколог ва тор соҳа мутахассислари томонидан олиб борилади. Бунда, аввало, носоғлом оналарда эрта туғуруқлар содир бўлиш эҳтимоли ўрганилади.
Аёлларни ҳомиладорликка тайёрлаш, бу даврдаги хавф омилларини ўз вақтида бартараф этиб, доимий назорат олиб бориш туғуруқ жараёнидаги асоратларни камайтиради. Марказнинг Консультатив диагностика поликлиникасида, асосан, оғир соматик касалликлари бўлган, икки ва ундан ортиқ ҳомила тушиши ёки муддатидан олдин туғилиши юз берган ва бошқа асоратларга эга аёлларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Болалар катамнези доирасида эса эрта туғилган гўдаклар неонатолог, отоларинголог, офтальмолог, невропатолог, хирург, ўсмирлар ва болалар гинекологи каби тор соҳа мутахассислари иштирокида аудиоскрининг, офтальмоскопия, нейросонография каби кўриклардан ўтказилади. Муассасада ҳар бир бола учун индивидуал текширув ва назорат карталари юритилади.
— Болаларда “Туғма ва наслий касалликларни ўз вақтида аниқлаш чора-тадбирлари дастури” бўйича марказимизда 2013 йилдан бери янги туғилган чақалоқларда эшитиш қобилияти аудиоскрининги ўтказиб келинмоқда, — дейди марказ бўлим бошлиғи Умида Муҳамедова. — Бунинг натижасида эшитиши заиф деб баҳоланган болаларда кохлеар имплантация операцияларига йўлланма бериш амалиёти йўлга қўйилди.
“Аёллар ва болалар катамнези” нинг яна бир энг аҳамиятли жиҳатларидан бири — офтальмоскопия текширувидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир муддатидан олдин туғилган чақалоқ ретинопатия скрининг текширувидан ўтказилиши зарур. Марказда чала туғилган болаларга бу бўйича ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволаш учун лазер коагуляция жарроҳлигини амалга ошириш йўлга қўйилган. Бу эса болалардаги кўрлик хавфини ўз вақтида олдини олиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, Республика перинатал маркази мамлакатимизда болалар саломатлигини таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.