Чекка ҳудудларда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги натижасида мактаблар ушбу икки тоифадаги тушунчаларга кўп дуч келиши  ва суяниши бор гап. Бу борада тизимда ишлаётганлар нима дейди? Мутаҳассис етишмовчилигининг сабаби ва ечими нимада? 

“Ҳақиқий педагогни ўқиган ва ўқимаганга ажратмайман” 

Бу муаммога сабаб келтиришда, аввало, хаёлингизга ойлик кам, шароит яхши эмас, деган важлар келиши табиий. Ушбу ноқулайликларни инобатга олган ҳолда, келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлашга келган олий маълумотли мутахассисларга баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида (11 млн 150 минг сўм) бир марталик бошланғич ёрдам пули ва ижарада турганлик учун БҲМнинг 2 бараварида (446 минг сўм) ҳар ойлик пул компенсацияси берилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони имзоланди. Педагоглар бу борада нима дейдилар?

Холниса Шойимова, Сирдарё вилояти, Боёвут тумани 13-мактаб директори:

 – Мен ҳақиқий педагогни ўқиган-ўқимаганга ажратмайман. Ўқитиш маҳоратига қарайман. Фаолиятим мобайнида турли муаллимларни кузатганман. Шундай педагоглар бор, дипломи бўлса-да фанни, методика нималигини билмайди афсуски. Улар ўқишни қандай битирган ўзи, деб қоламан баъзида. Яна шундай ўқитувчилар бор, дипломи бўлмаса ҳам болалар билан ишлашни, дарсга қизиқтиришни билади. Шу сабаб мен уларни ҳужжатига қараб эмас, қобилиятига қараб баҳо бераман. Масалан, қўл остимда учта ўрта-махсус ўқитувчим бор эди. Иккитаси бу йил ўқишга кирди. Биттасига эса  “хайр” дейишим керак аслида. Аммо юқорида айтганимдай, яхши дарс бергани учун ишда олиб қолдим.

Шунча имкониятга қарамай, ҳануз айрим фанлардан мутахассис етишмайди. Масалан, Сирдарёдаги айрим мактабларда математика, кимё-биология, айрим мактабларда эса рус тили ўқитувчиларига эҳтиёж кўп, олий маълумотли мутаҳассис эса кам. Бизнинг мактабда ҳам инглиз тили ўқитувчиси йўқ, шу сабаб мажбур бошқа ўқитувчиларга дарсни тақсимлаб берганман. Фидойи муаллимларни рағбатлантириш билан бирга, фанни, педагогикани тушунадиган, болаларни яхши кўрадиган ўқитувчи кадрларни кўпайтириш керак. Бу борада ўзида иштиёқ ва маҳорат бўлса, маълум синовлар асосида нопедагогларни ҳам қайта тайёрловда ўқишига ва мактабларда таълим беришига имконият яратилиши лозим, деб ўйлайман.

“Информатика ўқитувчиси тарих ва географиядан ҳам дарс беради…” 

Олий маълумотли педагоглар кам бўлса-да ҳақиқий фидойи устозлар ҳам чекка ҳудудларда, десак муболаға бўлмас. Нега деганда шароит демай, маблағ демай, болаларнинг шўхлигию эркалигини кўтариб, уларга бирдай билим ва тарбия берувчи устозларни ҳар қадамда топиш қийин. Аммо яна бир жиҳат кишини ўйлантиради, бу ҳам бўлса дарс соатлари. Дарс соатлари қанча кам бўлса ойлик ҳам шунга яраша бўлади, шундай эмасми? Балки номутаҳассис педагогларнинг кўпайишига сабаб ҳам шудир?

Гавҳар Рустамова, Бухоро вилояти, Ромитан тумани 40-сонли мактаби ўқитувчиси:

– Мен 2015 йил Ўзбекистон Миллий университети журналистика йўналишини тамомлаганман. Аммо ўз касбим бўйича вилоятда иш тополмаганман. Шундан сўнг педагогика бўйича қайта тайёрловда ўқидим ва ҳозирда қозоқ мактабида ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бераман.

Чиндан ҳам чекка ҳудудларда олий маълумотли педагоглар етишмайди. Иқтисодий имконият ўз йўлига. Аксарият ёшлар университетни тамомлагач шаҳарда ишлаб қолишга ҳаракат қилади. Натижада эса чекка ҳудудларда мутаҳассис етишмовчилиги ортади. Масалан, бизнинг мактабда информатика ўқитувчиси, мутаҳассис йўқлиги учун мажбур, тарих ва географиядан ҳам дарс беради. Аммо билими бор, болаларни машғулотларга қизиқтира олади. Математика ўқитувчиси ҳам йўқлиги учун бошқа мактабдан педагог чақирганмиз…

Чекка ҳудудларда малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги баҳсли ва давомли мавзу. Бунга ҳар ким ўз кузатуви бўйича фикр билдириши мумкин. Аммо миллат келажаги бўлган ёшлар тақдирига ҳамиша сергак қараш лозим. Зеро, фан олипиада ғолиблари, чемпионлар, ихтирочиларнинг сафи кенгайишида малакали устозларнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Бу борда ҳудудлардаги тизим бўйича статистиканинг тўғри ўрганилиши ва шунга кўра режали чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқ.

Юлдуз Ўрмонова