Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари Черногория ҳудудидан Ватанга қайтишда ёрдам сўраб Элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилди.

Мурожаатчиларнинг маълумот беришича, уларнинг меҳнат муносабатлари Черногориядаги иш берувчи билан бир томонлама тугатилган, оқибатда улар яшаш учун маблағсиз қолган.

Маълум қилинишича, аввалроқ уларга ишга жойлашиш ваъдаси билан ишчи визаси расмийлаштирилган. Шундан сўнг улар Черногорияга етиб борган ва қурилиш соҳасида иш бошлаган.

Кейинчалик, иш берувчи бошқа чет эллик ходимларни улар учун ноқулай шартларга жалб қилган. Шундан кейин ватандошлар бажарилган ишларнинг қониқарсиз сифати баҳонасида ишдан четлатилган. Шу билан бирга, амалдаги шартнома мажбуриятларига қарамай, уларга охирги ой учун иш ҳақи тўланмаган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, Элчихонанинг консуллик бўлими томонидан Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиш масаласини ишлаб чиқиш мақсадида Миграция агентлиги билан ишчи алоқалар ўрнатилди.

Белгиланган чора-тадбирлар натижасида ҳамюртларга авиачипталар харид қилиниб, Ўзбекистонга қайтарилди.