2023 йил 4 январ куни соат 13:20 ларда Бўстонлиқ тумани Чимён тоғ ёнбағирларига дам олиш ва чанғи учиш мақсадида чиққан 61 ёшли Россия Федерацияси фуқароси қор кўчкиси хавфи тўғрисидаги огоҳлантиришларга қарамай, тақиқланган ҳудудда чанғи учиб, қор кўчкиси хавфини юзага келтирган ва қор уюмлари остида қолиб ҳалок бўлган. Бу ҳақда ФВВ маълум қилди.
Маълум қилинишича, зудлик билан ҳодиса жойига Тошкент вилояти ФВБ Бўстонлиқ тумани Ихтисослашган кўп тармоқли бошқармаси Чимён қутқарув отряди қутқарувчилари етиб борган. Олиб борилган қидирув ишлари давомида чанғи учувчисининг жасади қор уюмлари остидан чиқариб олинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга, тақиқланган ҳудудларда чанғи учмасликка ва эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирмоқда.