Шу йил 19 май куни Президентимизнинг юртимизда чет тилларни, жумладан, инглиз тилини ўқитиш сифати ва қамровини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди. Агентлик фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлмаган эса-да, хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича самарали ва режали ишлар бажарилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда чет тилларни B2 даражада биладиган ўқитувчилар ойлигига 40 фоизгача, C1 даражасида ўзлаштирган педагогларникига 50 фоиз устама белгиланган. Бундан ташқари, чет тили бўйича кўникмаларни намойиш қилиш учун халқаро тестлар рўйхати тасдиқланган. Педагоглар тест харажатларини қоплаш учун моддий жиҳатдан кўмак олиши мумкин. Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг малака оширишига кўмаклашувчи ўқув материаллар, жумладан, инглиз тилини ўрганиш мақсадида китоблар харид қилиш учун 1 миллион сўмлик янги стипендия жорий қилинди.
Нафақат таълим, балки бир қанча бошқа йўналишларда, айниқса, давлат секторида хорижий тилларни билувчи ходимлар учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда. Шу сабабли давлат хизматчиларининг хорижий тил бўйича кўникмаларини ривожлантириш қўллаб-қувватланмоқда ва иш жойларида ҳафтада камида бир кун давлат томонидан молиялаштириладиган тил ўрганиш машғулотлари ташкил этилмоқда.
— Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги 2021 йил сентябрь ойида Cambridge Assessment ташкилоти билан инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш, баҳолаш ва ўқув материаллари бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолади, — дейди Агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов. — Бугунга қадар Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражасини кўрсатиш учун тасдиқланган тестлардан бири — Linguaskillни етказиб бериш бўйича келишув устида биргаликда ишламоқдамиз. Мамлакатимиз бўйлаб халқаро тан олинган сертификат тақдим этувчи ва натижалари қисқа муддатда эълон қилинувчи Linguaskill тести ва ўқув ресурсларини етказиб бериш бўйича ишлар бажарилмоқда. Ушбу сертификат ўқитувчиларга ойлик маошига устама олиш, малака ошириш курсларидан озод бўлиш каби кўплаб имкониятларни тақдим этади.
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Cambridge ҳамкорлигида Linguaskill тестлари Ўзбекистонда биринчи марта қўлланмоқда. Келгусида мамлакатимиз бўйлаб миллионлаб ўқувчини қамраб олиш режалаштирилган. Linguaskill Cambridge Assessment English тасарруфидаги тест бўлиб, у онлайн ўтказилади ва гапириш, ёзиш, ўқиш ва тинглаш кўникмаларини қамраб олади. У тил билиш қобилиятини тавсифлашнинг халқаро стандарти бўлган Common European Reference Framework (CEFR) натижаларни текшириш, шунингдек, қисқа вақт ва ресурслар билан осон тайёрланишга шароит яратади.
Инглиз тили таълимини ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг аҳамияти
— Чет тилларни ўрганишни оммалаштириш юзасидан ҳамкорлик кўплаб юртдошларимизнинг инглиз тилини пухта ва сифатли ўзлаштиришига ёрдам беради, — дейди Азимжон Ҳусанов. — Мисол учун, шу йилгача маҳаллий муаллифлар ёзган китобларга интерактив материаллар ва қўшимча манбалар илова қилинмаган. Келгуси ўқув йилидан бошлаб Cambridgе нашриётининг “Guess What” ва “Prepare” китоблари юртимиздаги барча мактабларнинг ўқув дастурига киритилади. Ҳозиргача мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида инглиз тилидан фақат грамматика асосидаги тестлардан фойдаланяпмиз. Ваҳоланки, бу халқаро стандартларга мос эмас. Хўш, унда нега инглиз тилини ўрганиш учун мавжуд ресурслар ва эскича ёндашувдаги тестлардан фойдаланишни давом эттиришимиз керак? Шунинг учун ҳам Cambridge билан ҳамкорлик орқали Linguaskill тестини жорий қилмоқдамиз. Агентлик Linguaskillни мамлакатимиз бўйлаб оммалаштиришни маъқул деб топгани сабаби — у академик даражада талаб қилинадиган эмас, балки умумий, кундалик фаолият учун зарур бўлган инглиз тили кўникмаларини синашга мўлжалланган. Ушбу тестнинг тузилиши ва тайёрланишини синчковлик билан ўрганиб чиқдик. Энди мамлакатимиз бўйлаб ишонч билан оммалаштиришимиз мумкин. Қизиқарлилиги тестнинг осон эканидан далолат бермайди. Ундан иккиланмай бемалол фойдаланиш мумкин. Чунки тест саволлари ўзлаштирилган билимларга асосланади. Биз дастлаб Linguaskill тизимига интернет орқали уланиш қийин кечишидан хавотирда эдик. Бироқ буни турли ҳудудларда синаб кўргач, интернет тезлиги етарли даражада эканига ишонч ҳосил қилдик. Навбатдаги устувор йўналишлар Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги БМТдаги барча расмий тилларни тарғиб қилиш ҳаракатида. Шунингдек, мамлакатимиз чет тилларни тарғиб қилиш мақсадида CELTA, DELTA ва ТКТ малака тестлари тан олиниши ва оммалаштирилиши ташаббускори бўлди. Тил ўрганиш учун таълимнинг барча босқичида илғор ўқув дастурлар қўлланиши рағбатлантирилади. Бунинг намунаси сифатида 207 та ихтисослаштирилган мактабда тил ўрганиш лабораториялари ташкил этилмоқда. Ушбу лабораториялар кенг қатламнинг тил ўрганишга муносабатини ўзгартиришга ёрдам беради.
Лойиҳадан мақсад фақат ўқитувчига йўналтирилган дарс ўтиш услубидан узоқлашган ҳолда барча мактабларда инновацион ғояларни кенг тарғиб этиш ва қўллашдан иборат. Хусусан, юртимизнинг олис ҳудудларида малакали хорижий тил ўқитувчилари камлигини инобатга олган ҳолда, маърузага асосланган дарс ўтиш тизимидан кўра, кўникмаларини ривожлантиришга асосланган ёндашувни тарғиб этиш жуда муҳим.
Р. Мадиева