Бу йилги деҳқончилиги мавсумида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири, шубҳасиз, яйлов ва экинзорларга чигирткалар босқини масаласи бўлиб турибди. Чунки кўкламдан то саратонгача чигирткалар ҳужуми тингани йўқ. Ижтимоий тармоқлар эса бу зарарли ҳашаротларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсири акс этган тасвирлар билан тўлиб-тошди. Ҳатто чигирткалар айтилмаган тўйда “азиз меҳмон”га айлангани ҳам фойдаланувчилар эътиборидан четда қолмади.
Хўш, мамлакатимизда зарарли чигирткалар билан боғлиқ вазият шунчалик жиддийми?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган кузги ва баҳорги мониторинг натижалари асосида 2025 йилда 608,1 минг гектарда чигиртка тарқалишини прогноз қилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, март ойидан зарарли чигирткаларга қарши анъанавий кураш тадбирларига киришилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотларига қараганда, шу йилнинг 16 июнь ҳолатига кўра, 844 минг 267 гектарда мониторинг олиб борилган. Шундан 503 минг 872 гектарда чигиртка тарқалгани аниқланган бўлса, 495 минг 831 гектарда кимёвий кураш тадбирлари ўтказилган. Бунинг самараси ўлароқ, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида асосий ўчоқлар бартараф этилди. Шундай бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Жиззах вилоятларида кучайтирилган назорат ва асосий тадбирлар давом эттирилаётгани айтилмоқда.
Аслида, чигирткалар минтақамиз табиати учун бегона эмас. Яъни қанотли бу ҳашаротларнинг ривожланиши ва тарқалиши учун қулай иқлим шароитига эга бўлиб, мамлакатимиз чигирткаларнинг тарихий ареали ҳисобланади. Ўзбекистонда 200 турдаги чигирткаларни учрашишининг асосий сабаби ҳам шунда. Улар орасидан тўда ҳосил қилувчи 6-8 турига қарши ҳар йили кимёвий кураш тадбирлари олиб борилади. Йўқса, қишлоқ хўжалиги экинлари, саксовулзор ва яйловларга жиддий зарар етказиши мумкин.
Биз англамаган неъмат
Кўпчилик чигирткаларни тўда ҳосил қилиб, озиқ-овқат экинлари ва яйловларни кунпаякун қиладиган зараркунанда сифатида билади. Буни қарангки, уларни фойдали мақсадларда ишлатиш имконияти ҳам бор экан. У ишга солинса, чигирткалар озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид эмас, балки унга инновацион ечимга айланади.
Эсимизда, 2006 йилда Иордан дарёси соҳилидаги Яқин Шарқ давлатларига хизмат сафарида бўлганимизда халқаро анжуман доирасидаги озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига бағишланган ўқув-семинарида ҳам иштирок этдик. Унинг дастури доирасида бизни шаҳарнинг чеккароғида ташкил этилган иссиқхона хўжалигига олиб боришди. У ерда узунлиги чамаси 100 метрлар келадиган 6 та иссиқхона бор эди.
Иссиқхоналар қалин плёнка билан қопланган бўлиб, ташқаридан ичида нима борлиги кўринмасди. Мезбонлар бизларга махсус лупага ўхшаш ойнали мослама орқали иссиқхона ичини кузатишга шароит яратиб берди.
Не кўз билан кўрайликки, иссиқхона ичида оч жигарранг тусдаги узунчоқ чигирткаларнинг сон-саноғи йўқ эди. Уларни озиқлантириш учун махсус ҳаво пуркагичли мосламадан фойдаланиларди. У ёрдамида майдаланган ўсимлик бўлакчалари иссиқхона ичига пуркалар экан.
Тўғриси, чигирткаларни саноат усулида кўпайтирилаётганини кўриб, лол қолгандик. Бунинг сабабини билишга бўлган иштиёқимиз кучлилик қилиб, у ерда ишлаётган мутахассисларни саволларга кўмиб ташладик. Уларнинг тушунтиришича, чигиртка таркибида кўп миқдорда оқсил бўлгани туфайли ундан озиқ-овқат саноатида кенг фойдаланиларкан. Хусусан, оқсил билан бойитилган печенье тайёрлаш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, бу митти жонзотлар парфьюмерия-косметика ҳамда бўёқ саноатининг муҳим хом ашёсига айланган: ҳар хил биологик фаол қўшимчалар, терини озиқлантирувчи кремлар, қимматбаҳо атирлар ва юқори сифатли бўёқлар ишлаб чиқарилишида айнан чигирткадан фойдаланилар экан.
Ўшанда чет эллик мутахассислар яқин келажакда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи кун тартибига чиққан пайтда чигирткалар “ноу-хау” сифатида стратегик вазифаларни белгилаб олишда асқотишини башорат қилган эди. Афсуски, биз оёғимиз остидаги бу неъматдан ҳали тўғри фойдалана олмаяпмиз.
Арзон оқсил манбаи
Ер сайёрасида аҳоли сонининг кескин ўсиб бораётгани туфайли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ошмоқда. Мутахассисларнинг тахмин қилишларича, 2050 йилга бориб, истеъмол товорларига бўлган эҳтиёж 2012 йилдагига нисбатан 50 фоизга ортиши мумкин. Бу эса ер ва сув ресурслари чекланган ҳозирги шароитда ўрмонлар ва бошқа экотизимларга зарар етказмаган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг муқобил йўллари ҳақида ўйлашни тақозо этмоқда.
Бугун инсоният рўбару келаётган барча муаммоларга ечим она табиатнинг ўзида бор. Фақат уни илғай олишимиз, унумли фойдаланишимиз керак, холос. Худди биз зарарли деб ҳисоблайдиган чигирткалар экспортбоп маҳсулот, мўмай даромад манбаига айланиши мумкин.
Шошилмасдан, бир бошидан тушунтирамиз. Чигиртка биологияси ва унинг турларини ўрганишга ихтисослашган акридология фанидан аёнки, чигирткалар Caelifera туркумига мансуб бўлиб, унинг энг кўп тарқалган оиласи Acridoidea ҳисобланади. Тахминан 8000 турга яқини фанга маълум.
Бугунги кунда чигирткаларнинг 10 га яқин тури озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланади. Аниқроғи, Ер юзида тахминан 2 миллиарддан ортиқ кишилар томонидан чигиртка истеъмол қилинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки саҳиҳ ҳадисларда келтирилшича, чигиртка ҳалолдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик балиқ ва чигирткадир. Икки қон бўлса, жигар ва қора талоқдир», дедилар».
Чигирткалар танаси жуда тўйимли озиқ моддаларга бой бўлганлиги туфайли илгари, асосан, чорва учун озуқа сифатида фойдаланиб келинган. У арзон оқсил манбаи эканлиги исботлангач, бу жониворга нисбатан талаб кун сайин ортмоқда.
Дарҳақиқат, чигиртка инсон саломатлиги учун ўта фойдали. Бошқа жониворлар гўштларидан фарқли равишда кўчиб юрувчи ва чўл чигирткаларида 0,8-2,4 мкг кг D3 витамини, шунингдек, А ва E витаминлари мавжуд. Бундан ташқари, 100 граммида 10-20 мкг B12 витамин бўлиб, бу мол, қўй, балиқ ва товуқ гўштидагидан 5-10 баравар кўпдир. Шунингдек, чигирткаларда юрак хасталигининг олдини олиш учун зарур бўлган кўп миқдорда тўйинмаган ёғли кислоталар — омега-3 ва омега-6 бор.
Маълумки, омега-3 (алфа-линоленик кислота) ва омега-6 (линолеик кислота) каби тўйинмаган ёғли кислоталарни инсон танаси ишлаб чиқара олмайди. Биз уларни фақатгина овқат таркибидан олишимиз мумкин.
Тўйинмаган ёғли кислоталар, хусусан, омега-3 юрак-қон томир, иммунитет тизими ва мия функциясини яхшилаш, оғриқларни қолдиришда қўл келади. Айниқса, ёш болаларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Омега-6 ёғ кислоталари эса қисман омега-3 кислоталарининг антагонистлари бўлиб, улар қон томир девори тузилишида, қон ивиши жараёнларида, қон босимини тартибга солишда, холестерин даражасини пасайтиришда, ўсиш ва тикланиш жараёнларини соғлом ушлаб туришга хизмат қилади. Физиологик жиҳатдан жинсий гормонларни стимуллаб, нормада ушлаб туради.
Шу боис бўлса керак, кейинги пайтда дунё ошхоналарида ҳашаротлардан тайёрланган, хусусан, чигирткали таомларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Йиллик ўсиш суръати ўртача 38 фоизни ташкил этади.
“Чигирткахўр” халқлар
Маълумотларга қараганда, 2004 йилда Австралиянинг айрим ҳудудларида чигирткалар тўдаси экинларни вайрон қилади. Заруркунанда босқинидан жабр кўрган деҳқонлар ушбу ҳашаротларни ейиш орқали улардан ўч олишга қарор қилади. Аҳоли томонидан чигиртка ейиш ғояси мамлакат раҳбарияти томонидан олқишланади. Натижада кўп ўтмай, “Само қисқичбақалари пишириқлари” ошхона китоби нашр этилади. Унга бир эмас, 20 дан ортиқ чигирткали таомлар рецепти киритилади. Овқатлар орасида чигирткали чучвара, шоколад билан қопланган чигиртка ва ҳатто чигиртка попкорни ҳам бор.
Ҳа, қанчалик ғалати эшитилмасин, дунёда чигирткани севиб тановул қиладиган халқлар кўп. Масалан, Осиё, Африка, Америка, Европа давлатларида, шу жумладан, Хитой, Корея, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Мексика, Индонезия, Италия, Франция Испания, Нидерландия Таиланд, Япония, Филиппин, Вьетнам, Ҳиндистон, Лаос, Малайзия, Мянма, Бразилия, Колумбия каби кўплаб мамлакатларда чигиртка озиқ-овқат маҳсулоти сифатида ишлатилади.
Дунё давлатлари ошхоналари таомномасига, албатта, чигирткали тансиқ егуликлар киритилади. Чигирткали маккажўхори унидан пудинг, чилли соусли чигиртка тортильялари, ипак қурти ва чигиртка кабоби, қовурилган чигирткалар, қайнатилган чигиртка ва қуёшли чигиртка каби таомлар шулар жумласидандир.
Кувайтда чигиртка тўйимли, мазали ва энергия тежайдиган оқсил манбаи сифатида севиб истеъмол қилинади. Бундай егуликлар чигирткаларни ярим соат давомида қайнатилиб, сўнг димлаб пишириш орқали тайёрланади. Катта авлод вакиллари эса бу қанотли мавжудотларни йил давомида истеъмол қилиш мақсадида қуритиб, сақлаб қўядилар.
Африканинг турли мамлакатлари аҳолиси чигирткалардан қандай фойдаланишни жуда яхши билишади. Найробиликлар майдалаб, кундалик овқатларида ишлатишади. Улар, шунингдек, чигирткаларни яхшилаб қовурадилар ва соус билан дастурхонга тортадилар.
Соҳада экспортчига айланиш мумкин
Ўзбекистон иқлим шароити чигиртка бизнеси учун жуда қулай. Бунинг учун дастлабки босқичларда уларни саноат усулида кўпайтиришга ҳожат ҳам йўқ. Табиатдаги чигирткаларни йиғиб олиш орқали озиқ-овқат туризмини ривожлантириш, ҳатто экспортини ҳам йўлга қўйиш мумкин. Бу тармоқ ишга солинса, чигирткалар офат эмас, балки қўшимча иқтисодий даромад манбаи, улкан имкониятга айланади.
Ҳозирги кунда Европа мамлакатлари, хусусан, Испаниянинг донгдор ресторанларига чигирткалар Вьетнам ва Таиланддан келтирилади. Бироқ Осиёнинг бу давлатларида намгарчилик юқорилиги боис чигирткалар ривожланиб, кўпайиш жараёни суст кечади. Бу эса буюртмаларнинг чўзилишга олиб келмоқда. Агар юртимизда ушбу соҳа ривожлантирилса, Европа бозорини Ўзбекистонга буриб, чигиртка етказиб берувчи асосий ҳамкорга айланиш мумкин, албатта. Таъбир жоиз бўлса, бу Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос инновацион бренди бўлар эди.
Бугун жаҳон ҳамжамияти озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қанотли ҳашаротларга янги хом ашё манбаи сифатида қараётгани бежиз эмас, албатта. Бунинг иқтисодий самарали томонлари ҳам бор. Нега десангиз, йирик шохли қорамолларни парваришлаш ва гўшт етиштириш харажатлари кун сайин ошиб бораётган ҳозирги шароитда чигиртка арзон ва юқори сифатли оқсил манбаи сифатида кўриляпти.
Кези келганда айтиш жоизки, анъанавий озиқ-овқат манбалари экологик жиҳатдан кўп хавф туғдирадиган неъматга айланиб қолаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Бу ҳол, ўз навбатида, ер ва сув ресурсларига катта юклама бўлиб, иссиқхона газлари чиқиндилари кўпайишига олиб келаётир. Бунда озиқ-овқат миқдори билан эмас, балки унинг сифати билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ҳам талайгина. Масалан, АҚШда ҳар йили озиқ-овқатдан заҳарланиш бўйича тахминан 40 миллион ҳолат қайд этилиб, шундан 3000 дан ортиғи ўлим билан якунланаётгани фикримизнинг исботидир. Ушбу заҳарланишлар организмга озиқ-овқат билан бирга ҳазм тизимига кирадиган патоген микроорганизмлар билан ҳам тушунтирилади.
Чигирткаларни саноат асосида инновацион усулда кўпайтириш орқали соғлом овқатланиш тамойиллари янада оммалашади, энг асосийси, атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсир кўрсатиш ҳолатлари кескин камайган бўлар эди.
Дастлабки қадам, кутилмаган натижа
Мамлакатимизда чигирткадан озиқ-овқат саноатида фойдаланишга қаратилган илмий тадқиқотга биринчи бўлиб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида қўл урилди. Университетда ташкил этилган Физиология илмий-тадқиқот маркази қошидаги Янги Ўзбекистон Ёш физиологлари мактабининг бир гуруҳ олимлари томонидан дастлаб лаборатория маълумотлари ва адабиётлар таҳлили ўтказилди. Натижалар кутганимиздан-да ҳайратланарли бўлиб чиқди. Нега деганда, мазкур ҳашаротнинг таркиби 50,9 фоиз оқсил (асосан алмашинмайдиган сифатли оқсиллар), 17 фоиз ёғ ва углеводлардан ташкил топган экан.
Бундан аён бўладики, чигирткалар товуқ, тухум ва ловия каби бошқа ҳайвон ва ўсимлик манбаларига қараганда юқори оқсил миқдорига эга. Энг муҳими, чигирткаларнинг ёғлари тўйинмаган ёғлар бўлиб, уни истеъмол қилиш қондаги холестерин даражасини яхшилайди ва яллиғланиш жараёнининг олдини олади.
Чигиртка бир қатор минералларга ҳам бой бўлиб таркибида темир, кальций, магний, марганец, А, C ва В гуруҳ витаминлари (В2, В5, В7)ни ҳам ўзида сақлайди. Уларнинг таркибидаги кальций миқдори сут таркибидагидан, темир миқдори исмалоқ таркибидагидан юқори. Буларнинг барчаси озиқ-овқат элементлари таркибида учрайди.
Охирги бир йилда олиб борилаган илмий-тадқиқот ва тажрибалар натижасида олинган маълумотларга кўра, қайта ишланган – майдаланган чигирткада оқсил улушининг ҳиссаси ниҳоятда катта эканлиги аниқланди. Содда қилиб айтганда, унда юқори сифатли мол гўштига қараганда 4 баравар кўп протеин борлиги исботланди. Қуруқ модда масса улушининг катта қиймати (92,53%), ун шаклидаги тажриба намунаси кўп миқдорда суюқликни сувни ушлаб туришга, яъни гигроскопиклик хусусиятга эга эканлигини кўрсатди. Шунингдек, экспериментал намунада тананинг овқат ҳазм қилиш тизимига фойдали таъсир кўрсатадиган катта миқдордаги клетчатка толалари (11,95%) озиқ толалар мавжудлиги аниқланди.
Шундай қилиб, қайта ишланган чигирткаларни нафақат ҳайвонлар учун озуқа сифатида, балки озиқ-овқат саноатида, масалан, нон, гўшт, косметика ва сут саноати ва бошқа соҳаларда ишлатиш истиқболлари мавжуд. Чигирткалар оддий гўштдан кўра тўйимли, ҳатто ноёб озиқ моддаларга анча бой. Уларда лизин ва метионин каби аминокислоталар оддий гўштга қараганда 4-6 баравар кўп. Чигирткалар кальций, темир, рух ва Д3, B12, Е ва A витаминларига бой.
Бугунги кунда бутун дунёда чигиртка ва бошқа зараркунанда ҳашаротлардан озиқ-овқат, тиббиёт ва фармацевтика саноатида фойдаланиш ҳамда сотишни қўллаб-қувватловчи сиёсат асослари ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бунинг қонуний асосларини яратиш келажакда анча фойда берадиган соҳа ҳисобланади.
Қувонарлиси, Ёш физиологлар мактаби томонидан тадқиқот доирасида қуритилган чигиртка асосида шифобахш ун ва дамлаб ичишга мўлжалланган кукун тайёрлаш тажрибаси муваффақиятли давом эттириляпти. Биз Ўзбекистон чигирткалари устида молекуляр физиологик, биологик тадқиқотларни янада чуқурлаштириб, туристлар ва чигирткахўр гурманлар учун чигирткали тансиқ таомлар тайёрловчи “Чигиртка - Locust” ресторани очишни таклиф этяпмиз.
Яна бир хушхабар. Дастлабки экспериментлар шуни кўсатяптики, чигиртка билан боқилган товуқлар 2 тадан тухум бера бошлаган бўлса, балиқлар ўсиши 2 баробар тезлашгани кузатилди.
Хулоса қилиб айтганда, чигиртка анъанавий гўшт ўрнини босувчи экологик ва иқтисодий жиҳатдан самарали манбага айланиши мумкин. Бу эса нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, балки аҳоли соғлом овқатланиши ва нутрицевтик маҳсулотлар, биологик фаол моддалар ишлаб чиқариш, шунингдек, косметика ва парфюмерия, бўёқ саноати ривожида муҳим аҳамиятга эга.
Янги Ўзбекистон шароитида чигирткаларни физиологик, биокимёвий, генетик, фойдали мақсадларда ишлатиш учун таъминот манбаларини ташкил этиш, уларнинг озуқавий қиймати тўғрисида кўпчиликни хабардор қилиш, хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш, чигирткаларни самарали йиғиш ва қайта ишлаш қоидалари ва технологияларни ишлаб чиқиш бу борадаги дастлабки, шу билан бирга, ўта муҳим қадам саналади. Зеро, бу жониворга офат эмас, балки янги имконият сифатида қараш вақти келди.
Нурмат АТАБЕКОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари,
Бакриддин ЗАРИПОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, Жаҳон физиологлар жамияти академиги.