2024 йил 27 февраль куни соат 00:13 да Чилонзор тумани, Сўгалли ота кўчасида жойлашган, ангар сифатида фойдаланиб келаётган мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Ёнғинга соат 00:17 да ёнғин-қутқарув экипажлари етиб бориб, ёнғин соат 01:29 да ўраб олинган ва соат 05:52 да тўлиқ бартараф этилди.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ёнғинни бартараф этишга 18 та асосий, 2 та махсус ёнғин-қутқарув экипажи ва 5 та сув ташувчи ёрдамчи автомобиллар жалб этилган.
Ёнғин-қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 нафар ишчи ёнғиндан қутқарилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.
Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.
Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ФВБ бошлиғи ва ўринбосарлари, ИИБ, Прокуратура, “Ҳудудгазтаъминот” ва ССБ, туман ФВБ раҳбар ва ходимлари чиқишган.