Ички ишлар вазирлиги академиясида битирув тадбири бўлиб ўтди. Тантанали ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси вакиллари, ички ишлар тизими фахрийлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда ИИВ академиясининг ахборот хизмати.

Ўқув муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Ҳотамовнинг таъкидлашича, мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида соҳа учун профессионал мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасасини тамомлаган кадрлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш, терроризм, экстремизм, кибержиноятчилик сингари замонавий хатарлар ва жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Жорий ўқув йилида академиянинг кундузги таълим йўналишини 600 нафардан зиёд ёш мутахассис муваффақиятли тамомлади. Битирувчи курсантлар уч йиллик таълим дастури асосида тезкор-қидирув, тергов, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика, хизмат фаолияти психологияси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти доирасида касбий билим ва амалий кўникмаларни пухта эгаллаб, жанговар-жисмоний қобилиятини оширди. Машғулотлар жараёнида қўлланган интерфаол метод ва ёндашувлар, хорижнинг илғор тажрибалари таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилганини таъкидлаш жоиз.

Тадбирда ёш лейтенантлар “юрист” малакасини берувчи дипломларни тантанали равишда қабул қилиб олди. Ўқув даргоҳини “тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича тамомлаган Асилбек Ҳошимбоев “катта лейтенант” унвони билан тақдирланган бўлса, яна 25 нафар битирувчига имтиёзли дипломлар топширилди. Шу куни Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети тингловчилари ҳам “ички ишлар органларининг бошқарув фаолияти” мутахассислиги бўйича “менежмент” ихтисослиги дипломига эга бўлди.

Битирувчиларнинг академия жанговар байроғи билан хайрлашув маросимидан сўнг ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов сўзга чиқди. “Таълим маскани битирувчилари орасида кўплаб генераллар, ички ишлар органлари тизимига улкан ҳисса қўшган фидойи инсонлар етишиб чиққан. Бугун хизматга йўл олаётган кадрларимиз устозларнинг ибратли йўлини муносиб давом эттириб, келгуси хизмат фаолиятларини ҳалол, виждонан ва юксак садоқат билан бажариши лозим”, деди вазир ўринбосари.

Оркестр садоси остида ижро этилган она Ватанимизнинг давлат мадҳияси саф майдонида йиғилган барчанинг қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини жўш урдирди.

— Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар сафда турган ҳар бир йигит-қизни ватанпарвар, жасур ва фидойи бўлишга ундайди. Биз, ёшларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликни муносиб оқлаб, “академия битирувчиси” деган шарафли номга лойиқ бўлишга, халқимизга чин фарзандлик меҳри билан хизмат қилишга ваъда берамиз, — деди битирувчилар номидан сўз олган лейтенант Севара Бахтиёрова.

Шунингдек, тантанали тадбирда Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов, ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов сўзга чиқиб, битирувчиларни самимий муборакбод этди.