Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор ўзининг серқирра ижодий-эстетик фаолияти билан ХХ аср миллий маданиятимиз ривожига сезиларли улуш қўшди. Унинг мумтоз шеъриятимиз, насримиз, драматургиямиз ва таржимачилик санъатимиз бисотидан муносиб жой олган қанчадан-қанча ўқишли асарлари бор.
Ёдингизда бўлса, адибнинг қарийб беш йиллик ижодий меҳнати маҳсули бўлмиш “Чинор” романи бош қаҳрамони Очил бува тақдирнинг лаҳзалик ҳал қилувчи синовига дош беролмай ўзини нобуд қилган Акбаралига шундай таъриф беради: “Ўзи... банди мўрт эди. Учди кетди.”
Асқад Мухтор авлодининг болалик ва ўсмирлик йиллари кечган ўтган асрнинг 20-30-йиллари шафқатсиз бўронлари ҳам унинг сон-саноқсиз тенгдошларини банди мўрт япроқдек учириб, нест-нобуд қилганига тарих гувоҳ. Колхозлаштиришдек ноинсоний сиёсат бутун мамлакатни зир титратаётган бир паллада – 11 ёшида отасидан айрилган, яна ўн бир нафар норасида билан ёлғиз она қўлида қолган Асқаднинг, шукрлар бўлсинки, “банди мўрт”, умри қисқа эмас экан.
Қолаверса, адибга тенгдош, у билан бир вақтда ёзишни бошлаб, ундан-да кўпроқ умр насиб этган қанчадан-қанча қаламкашлар битган нарсалар, айнан банди мўртлиги туфайли ҳам муллифларидан олдинроқ йўқлик сари юз тутгани ҳам аччиқ ҳақиқатдир...
Ўзининг кўплаб авлоддошлариникидан фарқ қилароқ, Асқад Мухтор ёзган аксарият асарлар умрбоқийлигининг айрим омилларини эса адибнинг “Уйқу қочганда” (“Тундаликлар”) номли мўъжаз китобидаги битиклар қаъридан излашга ҳаракат қиламиз.
“Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди”, дейди адиб.
Санъат ва адабиётнинг эстетик ҳодиса эканини, улар, аввало, минг жилвада турланувчи инсоний ҳис-туйғулар, одам боласини то қиёмат қадар ўйга толдирувчи абадий муаммолар тасвири, таҳлили ва талқини билан банд бўлиши лозимлигини унутмаган ҳолда яна бир ҳақиқатни ҳам айтмоқ керакки, замонаси дардларига, инсоният, ўз халқи ва миллати тақдирига бефарқ ижодкор ўша санъат ёхуд адабиётда ҳодиса бўлгулик бирорта асар ярата олмайди. Санъат ва адабиётнинг ҳозирга қадар яшаб келаётган барча мумтоз намуналарининг “хамиртуриши”да муаллифлар ўз замонасидан орттиргани аччиқ дардлар, уларнинг қалбига замона кишилари етказган кучли озорлар мужассамдир.
Эсласангиз, Асқад Мухтор изидан борган жувонмард шоир Шавкат Раҳмон ҳам “бахт сўзи”га шундай ёндашганди:
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.
Айни ҳақиқатларга ишора қилар экан, “Тундаликлар” муаллифи ўзини-да аямаган тарзда мана бу мардона, айни пайтда ғоят тагдор иқрорни битади: “Бизнинг авлодда замонадан қочганлар қутилди”.
Бу гапни бир-бирига қарама-қарши икки маънода тушуниш, тушунтириш мумкин. Биринчиси – “замона тазйиқларига бўйсуниб, унинг таҳдидларига бир амаллаб чап бериб жон сақлаганлар” маъносида ва иккинчиси – “замона зайлига юрмай, унинг йўлдан оздирувчи қутқуларидан баланд туриб, инсоний қиёфасини сақлаб қолганлар” мазмунида. Энг асосийси – адиб ҳар икки маънода ҳам ўзи кашф этган ҳаётий ва инсоний ҳақиқатни ўқувчига сездира олгани.
Авлоддошларининг кўпчилигидан яна фарқ қилароқ, фақат миллий, Шарқ адабиётинигина эмас, балки бутун инсоният классиклари яратган асарларни тинимсиз мутолаа қилган, ўзининг ижод маҳсулларини улар билан мунтазам муқояса қилиб боришга одатланган Асқад Мухторнинг бадиий диди ҳавас қиларлик даражада баланд бўлгани ҳам “Тундаликлар”дан яққол сезилади. Профессионал адиб ўзи шуғулланаётган соҳанинг олий эстетик талабини мана қандай ифода этади: “Донжуанлар, фаустлар, мажнунлар, прометейлар, искандарлар, жюльетталар кўп бўлган. Лекин уларни фақат Байрон ва Пушкин, Ҳёте ва Ҳейне, Навоий ва Низомий, Эсхил ва Шекспир номлари билан боғлаймиз. Бошқа муаллифларда булар ҳаётда ёки тарихда бўлган нарса каби қабул қилинади. Фақат даҳолар қўлига тушгандагина “факт” муаммога айланади. Биз энди буни классика деб атаймиз”.
Дарҳақиқат, юқорида таъкидланганидек, замонасининг энг оғир дардларини қалбидан ўтказган ижодкорлар ҳаёт фактлари, ҳодисалари қаъридаги, инсонлар табиатидаги абадий муаммоларни кўра оладилар, уларни реалликдагидан-да мураккаброқ манзараларини чиза билишади. Навоий достонларида, Достоевский, Толстой, Ремарк, Камью ва Айтматов романларида, қўйинг-чи, санъат ва адабиётнинг аксарият мумтоз намуналарида биз бениҳоя чигал, мураккаб, жавобсиз муаммоларни идрок қиламиз, шу идрок асносида ўзимиз-да руҳан ўзгарамиз, қалбан тобланамиз.
Ана шу нуқтаи назарда собит турган Асқад Мухтор, бизнингча, ўз давридан ҳозирга қадар жуда кўп зиддиятли талқинларга сабаб бўлаётган Умар Хайём меросига ҳам энг қисқа ва энг тўғри таърифни бергандек: “Хайём рубоийлари – фоний банданинг жавобсиз фарёдларидир”.
Гарчи муаллиф “Тундаликлар”дан ўрин олган битикларини “узуқ-юлуқ”, “бири боғдан, бири тоғдан” дея таърифласа-да, дидли ўқувчи бу китобда ниҳоятда зукко ўзбек зиёлисининг сир ва жумбоқларга тўла ҳаёт ҳақидаги, чексиз чигал инсон табиати, миллатнинг аримас дардлари, ижодий меҳнатнинг кўз илғамас табиати ... хусусидаги бир-бирига чамбарчас боғлиқ, буниси бошқасини тўлдирадиган, бири иккинчисига изоҳ бўлиб бойитадиган яхлит тафаккур маҳсулини сезади, ҳис қилади.
Масалан, адибнинг мана бу мулоҳазаларини юқоридаги фикрлари фонида идрок этишга ҳаракат қилайлик: “Бир қолипдаги (типовой) иморатлар, бир қолипдаги шаҳарлар худди шундай бир қолипдаги одамлар ва бир қолипдаги фикрловчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради”.
Мана шундай – индивидуал дунёқараш ва диддан мосуво, озгина ўзгача фикр ва ҳаракатни найза билан қарши олувчи, шахсликка интилаётганларга нафрат-ла боқувчи омма – оломонни эса барча замонларнинг ҳокими мутлақлари осонлик билан ўз йўлига солишган, унинг номидан ҳукмлар ўқиб, унинг номидан тарихлар тўқишган (Абдулла Орипов. “Оломонга” шеъри).
Бундан икки йил аввал Германия, Франция, Швейцария диёрларига сафаримиз чоғи бизни – юқорида айтилган муҳитда ўсиб улғайган кишиларни бир нарса қайта-қайта ҳайратга солди. У ўлкаларда қад ростлаган бирорта иморат бошқасига ўхшамаслиги баробарида, кўчаларни тўлдириб оқаётган енгил автомобиллар орасида иккита бир хил моделдаги машинани кўрмадик. Дунёда машина деганларининг тури бу қадар кўплигидан ёқа ушладик. Бизнинг ёқамизни ушлатган нарса, аслида, нима эди?
Топдингиз: ҳар қандай қолиплардан ҳоли, эркин, ижодий тафаккур, тўла ҳурликка эга хаёл ва яратувчан фантазия! “Тундаликлар”да бунинг яна бир тавсифи бор: “Ҳар бир шахс – мустаснодир”!
Ёши етмишдан ошган, бемор танаси мадорсиз, бироқ олам гўзаллигига ошно руҳи ҳамиша уйғоқ Асқад Мухторнинг яратувчан ижодий хаёлида дунёга келган мана бу манзарага биз ҳам кўнгил кўзимизни қаратайлик:
“Эрталаб туриб нималарни кўраман? Ана кўзгу – ёруғлик ва кристалларнинг сирли ўйини... Қаердадир тутун уйғониб, қўли билан шамол келган томонни кўрсатяпти...
Дунё катта, мўъжизаларга чулғанган: чинорларнинг мардлиги, гулларнинг архитектураси... Ўсимликларда ижодкор шарбат ёғду босқичларидан кўтарилади, ерга яшиллик пуркайди.
– Ҳой, танобчи ариқлар! Тоққа неча чақирим қолди? Улар нима қиляпти?
- Осмон тубида қорамтир биқинларини ювяпти!”
...Сўзимиз аввалида Асқад Мухторга тенгдош унча-мунча ёзувчи-шоирларнинг банди мўрт, бачки япроқдек адабиёт дарахтидан учиб кетганини айтган эдик. “Тундаликлар”дан ана шундай қаламкашлар хусусидаги киноя ҳам ўрин олган: “Уни ҳамма талантли ёзувчи деб ҳисоблар эди. Лекин бу тасаввурни ўзи бузиб қўйди: ўзи ҳам шундай деб ҳисоблар экан”.
Каминага Асқад ака назарда тутган шундай ёзғувчилардан бирининг уюшма минбарида ғоз туриб айтган мана бу гапини эшитиш “бахти” ҳам насиб қилган: “Ми образ-побраз не признаем: ми прямо пишем!”
Мана шу сингари “прямо писар”лардан кўнгли зада бўлган адиб “Уйқу қочганда” қуйидагиларни битган экан:
“Ўзингникигина эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга халақит беради”.
“Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат”...
Асқад Мухтор қолдирган улкан бадиий мероснинг жимитдеккина қисми, ҳажми бор-йўғи бир ярим босма тобоқ бўлган китобчадаги айрим битикларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибдики, ўзбек адабиёти бу донишманд адиб фаолияти билан қанчалар бойиган, қанчалар балоғатга эришган. Бу мерос тафти ҳали неча-неча авлодлар қалбига нур, илиқлик олиб киражак. Ижодкор инсоннинг энг катта бахти, унинг руҳини шод қиладиган энг катта савоб шу бўлса, не ажаб?..
Раҳмон ҚЎЧҚОР
филология фанлари номзоди.