2023 йил 31 январь куни соат 20:30 ларда 3 нафар номаълум шахс олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ бўлиб, ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишни мақсад қилишади.
Улар Чирчиқ шаҳар 3-кичик ноҳияда жойлашган деҳқон бозори ёнидаги дўконда спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирган 49 ёшли Т.А.нинг олдига келишиб, ўзларини гўёки мусофир сифатида таништириб, егулик учун бирор-бир нарса беришини илтимос қилган.
Т.А. уларни ўзининг яшаш хонадонига олиб бориб, улар билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтиришган вақтида 2 та номаълум шахслар хонадондаги ёғочдан бўлган жавон устида турган металл болға билан унга ҳужум қилиб, қимматли нарсалари ва пулларини беришини талаб қилади.
Т.А.ни ўлдириш билан қўрқитиб, уни болға билан уриб, кейин танасининг турли жойларига тепиб жароҳат етказишади ва хонадондан 8.310.000 сўмлик маиший техника ва 2.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, ҳодиса бўлган жойидан яширинган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур жиноятни 24 ёшли С.М., А.А. ва 22 ёшли Х.А.лар содир қилганликлари аниқланиб, улардан жабрланувчига тегишли бўлган “Samsung” русумли телевизор ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.