2022 йил 4 октябрь куни соат 08:30 ларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган «МАХАМ ЧИРЧИҚ» АЖ корхонаси ишлаб чиқариш цехининг синтез колоннасида чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Т.Миразамахмудов, Фавқулодда вазиятлар вазири А.Х.Қўлдошев, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.У.Собиров, Тошкент вилояти ва Чирчиқ шаҳар ҳокимликлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари ҳамда ходимлари томонидан зудлик билан воқеа жойига чиққан ҳолда чақнаш оқибатларини бартараф этиш ишлари ташкил этилди.

Чақнаш натижасида икки нафар ишчи-ходим енгил турдаги тан жароҳати олган ва уларнинг бири шаҳар шифохонасига ётқизилган. Чақнаш оқибатида келиб чиқган ёнғин соат 10:00 да тўлиқ бартараф қилинди.

Чақнаш сабабларини ўрганиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Т.Мирзамахмудов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилиб, белгиланган ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.