Тадбир иштирокчилари туманда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишди. Жорий йилда туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларнинг бино ва иншоотлари, инфраструктураси ва моддий-техника таъминоти тизимида бўлган ўзгаришлар, янгиланишлар, улкан қурилиш бунёдкорлик ишлари, туманнинг лалмикор ерларини томчилатиб суғориш эвазига бунёд этилган янги бозорларда амалга оширилаётган ишларнинг гувоҳи бўлишди.
Пресс-тур давомида туман марказидан олис – "Наврўз" маҳалласининг Ҳайиткул қишлоғида қурилиб, фойдаланишга топширишга топширилган, 180 нафар ўринли 199-умумтаълим мактаби билан танишди, унда ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Янги мактаб биносининг барпо этилиши туман марказидан олис қишлоқ ёшларига сифатли таълим-тарбия бериш, турмуш шароитини яхшилаш борасида давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида олиб борилаётган кенг қамровли амалий ишларнинг ёрқин намунасидир.
Ҳайиткул қишлоғида 988 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига ўқувчиларнинг пухта билим олиши, интеллектуал салоҳиятини ошириш, баркамол қилиб тарбиялаш учун барча шароитлар яратилди.
Навбатдаги манзил обод гўшага айланган Оқолтин қишлоғи бўлди. Юртнинг келажаги бўлган ёшларни тарбиялаш, аввало, мактабдан бошланади. Шу жиҳатдан, Оқолтин қишлоғидаги 70-мактабнинг пахса деворли икки филиали ўрнида 192- ва 212-умумтаълим мактабларининг янгидан қурилиши ва ташкил этилиши аҳолининг айни кўнглидаги иш бўлди.
Бугун эса тадбир иштирокчилари қишлоқдаги 70-мактабнинг биринчи филиали сифатида фаолият олиб борган собиқ пахса деворли 4 хонали кўримсиз филиал ўрнида 176 ўринли барча қулайликларга эга икки қаватли 192-мактаби ҳамда шундоққина мактаб ёнида савлат тўкиб турган маҳалла марказининг замонавий барча қулайликларни ўзида мужассам этган биносида яратилган шарт-шароитларни гувоҳи бўлишди.
– Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида Чироқчи туманидаги пахса деворли 17 та мактаб биноси ўрнида янги замонавий мактабларнинг ўқув бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди, – дейди Чироқчи туман халқ таълими бўлими мудири Фарҳод Жуманов. – Шунингдек, инвестиция дастури асосида 29 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида эса 4 та мактаб биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳояланиб қолди.
Чироқчи тумани марказидан 70-80 км олисдаги қўшни Самарқанд вилояти билан чегарадош "Умакай" маҳалласи Қўчқорбулоқ қишлоғида инвестиция дастури асосида 136-умумтаълим мактабининг янгидан бунёд этилган 240 ўринли янги ўқув биноси ва у ерда ўқувчилар учун яратилган имкониятларни кўздан кечиришди.
Тадбир иштирокчилари туманнинг 1-сектор ҳудуди "Бегламиш" маҳалласида томчилатиб суғориш технологияси асосида лалмикор ерларда яратилган "Бегламишсой" узумчилик кооперацияси фаолияти билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлди.
Айни пайтда “Бегламишсой ” кооперациясига бирлашган 321 нафар аҳоли вакиллари серҳосил узум навларини ерга қадаб парваришлашмоқда.
– Туман марказидан олис қишлоқларда амалга оширилган ва оширилаётган амалий ишларни кўриб жуда хурсанд бўлдим, – дейди меҳнат фахрийси Мейлибой Жўраев. – Бу ердаги ўзгаришларни олдин фақат телевизорда томоша қилардик. Мана, энди ўзимиз кўриб гувоҳи бўляпмиз. Бу тадбир бизга жуда маъқул бўлди. Янгиланиш ва ўгаришлар кўнглимизни янгиртирди. Невараларимизнинг мана шундай таълим муассасаларида таълим-тарбия олишини кўриб, қувондик.