Сўнгги тўрт йил ичида Оролнинг қуриган тубида 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонга шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик уруғлари сепилди ва кўчатлари экилди.
Маълумки, БМТ томонидан 1994 йилдан эътиборан 17 июнь — Умумжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни деб эълон қилингандан бошлаб жаҳонда ушбу кун кенг нишонланиб келинмоқда. Ўзбекистон Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб, Конвенцияга аъзо бўлган давлатлардан ҳисобланади. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирган.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз ҳудудининг қарийб учдан икки қисми ёки 31 млн. гектардан ортиқ майдони қурғоқчил ва ярим қурғоқчилдир. Орол фожиаси оқибатида 5,5 млн. гектарли Оролқум чўли вужудга келган. Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорларига мувофиқ, юртимизда чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мамлакатимизнинг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан миллий ваколатли орган сифатида қўшимча функцияларни амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида, хусусан Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш ишларини амалга ошириш, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси фаровонлигини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина мисол, сўнгги 40 йил давомида Оролнинг қуриган тубида қарийб 400 минг гектарда ўрмонзор ташкил этилган бўлса, 2018 йилнинг декабрь ойидан ҳозирги кунга қадар Оролнинг қуриган тубида 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонга саксовул ва бошқа шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик уруғлари сепилди ва кўчатлари экилди. Ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” - ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишларининг олиб борилиши ўз навбатида Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини янада юмшатиш имконини беради.
Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси доирасидаги мақсадли вазифалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги фармойишига мувофиқ, Бухоро, Нукус, Урганч, Хива шаҳарлари атрофида маҳаллий турдаги дарахт-буталардан иборат “яшил белбоғ”лар барпо этиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Шу билан биргаликда, чўлланиш даражаси юқори бўлган Хоразм, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг чўл ҳудудларида ҳам Орол денгизи қуриган тубида амалга оширилган улкан ижобий ишларни давом эттириш зарур.
Умуман олганда, қурғоқчил ҳудудларда саксовул, қандим, черкез каби ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этилиши ҳамда чўл зоналарда озуқабоп ҳисобланган чогон, терескан, боялич, қайроук каби ўсимликлар кўпайтирилиши чўлланишга қарши курашиш имкониятини бериш билан бир қаторда биохилма-хилликни сақлашга, чорвачиликни ривожлантиришга, иқлим ўзгаришларига мослашишга, экотизим барқарорлигини таъминлашга, хизмат қилади.
Хайрилло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари