Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан "Ulug‘-Nur" фермер хўжалигида АҚШнинг "RHOTON GLOBAL" компаниясининг консултация ва лойиҳалар бўйича бош координатори жаноб Майк Родс иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Комилов, вилоят “Чорванасл” бўлими Оҳангарон тумани вакили Улуғбек Турғунов, тадбиркор Шавкат Комилов иштирок этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитига мос чорва наслларини яратиш, озуқа маҳсулотларининг унумдорлигини оширишга қаратилган фикр-мулоҳазалар, ғоялар илгари сурилди.

Хорижлик меҳмонлар билан бу борадаги ишларни "Ulug‘-Nur" фермер хўжалиги мисолида амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувга эришилди, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.