9 февраль – буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуди куни ҳамда 14 февраль - улуғ шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунини кенг нишонлаш мақсадида Хоразм вилоятида барча шаҳар ва туманларида, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда икки буюк бобокалонимизнинг таваллуди кунига бағишланган тадбирлар ўтказилди.
Илмий-амалий анжуманларда, адабий-бадиий тадбирларда адабиётшунос олимлар, тарихчилар, ижодкорлар сўзга чиқиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо ижодий мероси ҳақида атрофлича тўхталдилар. Улуғ шоирларнинг ғазаллари ифодали ўқилди. Буюк бобокалонларимиз ғазаллари асосида басталанган мумтоз қўшиқларни ҳофизлар, ёш истеъдод эгалари маҳорат билан ижро қилдилар.
Махмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида, вилоят болалар кутубхонасида, таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодларига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди. Кутубхоналарда ёзувчи, шоирлар, олимларнинг китобхонлар билан учрашувлари ўтказилди. Ҳар бир учрашув унинг қатнашчиларида чуқур таассурот қолдирди.
Шунингдек, 14 февраль юртимизнинг яна бир улуғ шоири – Омон Матжон таваллуд топган кундир. Севимли шоиримиз таваллуди куни муносабати билан ҳам Хоразм воҳасида кўплаб адабий-бадиий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Янгибозор тумани марказидаги истироҳат боғида улуғ шоир хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди ва шоирнинг бюсти тантанали равишда очилди. Мазкур тадбирда ижодкорлар, шоирнинг фарзандлари, ҳамқишлоқлари, меҳнат фахрийлари, ижодкорлар сўзга чиқиб, ўзларининг дил сўзларини изҳор этдилар. Омон Матжон шеърларини ёш ижодкорлар ифодали ўқишди. Куй-қўшиқлар янгради.
Февраль ойи унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. 20 февраль халқимизнинг яна бир севимли шоири, «Офарин» мукофоти соҳиби Матназар Абдулҳаким таваллуд топган кун. Бу унутилмас кун муносабати билан ҳам вилоятимиз миқёсида кўплаб адабий-бадиий, маънавий-маърифий ва мусиқали тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, 20 февралда Матназар Абдулҳаким яшаб ижод этган уй пештоғида ёдгорлик лавҳасининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Шундан сўнг шоирнинг ижодхонаси, бой китоб фондига эга бўлган шахсий кутубхонаси билан ҳам танишилди.
Махмуд Замахшарий номли вилоят ахборот кутубхона марказида шоир таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тадбир, шунингдек, Хоразм вилоят мусиқали драма театрида Матназар Абдулҳакимнинг 75 йиллигига бағишланган «Назм ва наво» кечаси бўлиб ўтди. Хоразм маъмун академиясида, Урганч давлат университетида ҳам шоир ижоди ва фаолиятига бағишланган илмий-адабий анжуманлар ташкил этилди.
— Ҳа, февраль - адабиёт, ижод, истеъдод ва унутилмас хотираларга тўла лаҳзалардан иборат бўлган ойлардан бири бўлди. Юртимизнинг улуғ ижодкорларига бағишланган ҳар бир тадбир, айниқса, ёшлар қалбига янада эзгулик, яхшилик нурини бағишлайди, — дейди вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Р.Худойберганов. – Ушбу ой адабиёт,санъат, ижод байрамига айланиб, қалбларга янада нур, зиё бағишлади.
Отабек Аҳмедов,
Хоразм вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати мутахассиси.