Бу ҳақда El Universal газетаси хабар берди.

Газетанинг маълумотларига кўра, Халиско, Мичоакан, Колима, Герреро, Агуаскальентес, Гуанахуато, Наярит, Сакатекас ва Тамаулипас штатларидаги кўчаларда тартибсизликлар бошланди. Гиёҳванд моддалар картели аъзолари йўлларни тўсиб, машиналарни ёқиб юбормоқда. Халиско маркази Гвадалахара аэропортида тартибсизликлар авж олди. Ньюаркдан Мехикога, Гвадалахарада тўхташ билан амалга оширилган рейс йўловчиларидан бири El Universalга одамларга самолёт бортини тарк этишга рухсат берилмаётганини айтди.

“Биз етиб келганимизда, норозилик намойишлари эндигина бошланган эди; одамлар яшириниш учун учиш-қўниш йўлагига югура бошлади. Аэропортда сигнализация ишга тушди ва бир нечта аэропорт хавфсизлик машиналари кўринди. Биз қўнганимиздан бери ҳудуд аланга ичида, ҳамма ёқда тутун”, деди газета суҳбатдоши.

Немесио Осегера Сервантес Халиско штатининг Тапалапа шаҳрида ҳукумат операцияси пайтида ўлдирилди. Унинг ўлимини Мексика Мудофаа вазирлиги X ижтимоий тармоғида тасдиқлади. Вазирлик маълумотларига кўра, отишма пайтида CJNGнинг тўрт нафар аъзоси ҳалок бўлган ва уч киши оғир яраланган. Улар Мехико шаҳрига ҳаво орқали етказиш пайтида ҳалок бўлишди, улар орасида “Эль Менчо” ҳам бор эди.

The New York Times газетаси Осегера Сервантеснинг ўлими гиёҳванд моддалар картелига жиддий зарба бўлганини ёзди. Сўнгги ўн йилликда CJNG Мексиканинг энг кучли ва зўравон жиноий гуруҳларидан бирига айланди. У метамфетамин, кокаин ва фентанилнинг АҚШ ва бошқа мамлакатларга ноқонуний олиб ўтиш йўналишларини назорат қилади. Унинг ўлими турли гуруҳлар назорат учун курашаётган бир пайтда ички ҳокимият учун кураш ва зўравонлик авж олишига сабаб бўлиши мумкин, деб хабар берди kommersant.ru.