ЎзФАнинг Романовский номидаги Математика институти олимлари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ташаббускор гуруҳи томонидан сунъий интеллект усулларидан фойдаланган ҳолда COVID-19 билан касалланган беморларни идора қилиш учун вазият хавфини баҳоловчи веб дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур оғир ҳолатнинг пайдо бўлиши ва сақланиб қолиш хавфини тезкор баҳолайди. Шунингдек, дастур рентген (КТ) текширув натижалари ва аускультация натижалари (қолган 10 кўрсаткични уйда ўлчаш мумкин) асосида хавф даражаси паст бўлган ҳолатларда амбулатория шароитида даволаниш тўғрисида ёки юқори (ўта юқори) хавф бўлган ҳолатларда дарҳол касалхонага ётқизиш тўғрисида автоматик тарзда тавсия беради.
Республика шифохоналарида ўтказилган синовлар давомида дастурнинг ишончлилиги тасдиқланди ҳамда ушбу дастурий маҳсулот Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатдан (DGU 09206) ўтказилди.
Ижодий гуруҳ дастурни тиббий стационарда COVID-19 билан касалланган беморларни бошқариш учун интеллектуал ёрдам кўрсатиш даражасигача такомиллаштириш бўйича татқиқотларни давом эттирмоқда.
Ғолибжон БОТИРОВ,
Математика институти
директор ўринбосари