Ярмаркада хорижий давлатлар — Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Покистондан ҳунармандлар қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, “Novica”, “Wildberries” вa “Alibaba” каби халқаро ҳамда “Joyda”, “CraftmeetsDesign”, “iHunar” каби маҳаллий онлайн маркетплейс ва платформалар ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Иштирокчилар томонидан каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар, миниатюра каби 20 дан ортиқ миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади. 

Таъкидлаш лозимки, ярмарка иштирокчилари лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш ҳамда бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этишлари  мумкин. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги мактабларига хос бетакрор маҳсулотлар ҳамда ҳунармандларимиз томонидан ясалган, юртимиз гўзаллигини, бетакрорлигини акс эттирган эсдалик совғаларини харид қилиш имкони ҳам бор. 

Бундан ташқари, ярмаркага ташриф буюрганлар заргар Тоҳир Муҳаммедов, кулол Алишер Нарзуллаев, каштачи Аҳмад Арабов, кулол Шокир Аҳмаджонов, адрас, атлас тўқувчи, гиламдўз Иброҳим Султонов каби машҳур ҳунармандлар томонидан маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ярмаркадан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг ҳунармандчилик салоҳиятини тарғиб қилиш ва маҳаллий ҳунармандларимизнинг маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашишдир.