Бар-Илан университети ва Галилеи тиббиёт маркази олимлари организмда Д витамини етишмаслиги COVID-19нинг оғир кечиши ва ўлим хавфини сезиларли даражада оширишини маълум қилди.
Тадқиқот муаллифлари Д витамини вакцина ўрнини боса олмаслигини, аммо коронавируснинг энг ёмон оқибатларидан сақланишга ёрдам беришини аниқлади.
“Биз Д витамини танқис ёки умуман йўқ бўлган оғир беморлар ҳолатида сезиларли фарқни кўрдик”, деди тадқиқот муаллифларидан бири, Галилеи тиббиёт маркази доктори Амиэль Дрор.
Унинг қўшимча қилишича, тадқиқот маълумотлари “омикрон”га қадар тўпланган бўлса-да, улар ушбу штамм учун ҳам тегишли. Д витамини умумий иммунитетни оширишга ёрдам беради, бу эса нафас олиш тизими орқали танага ҳужум қиладиган вирусли патогенларга қарши ҳимояни кучайтиради. Тадқиқотнинг дастлабки маълумотларига кўра, Д витамини танқислиги билан касалхонага ётқизилган беморларнинг 26 фоизи коронавирусдан вафот этган. Шу билан бирга, организмида етарли миқдорда Д витамини мавжуд беморларнинг ўлим улуши уч фоизни ташкил этди.
Сўнгги натижалар Д витамини танқислиги COVID-19 билан оғриган беморларда касалликнинг оғир кечиши хавфини 14 баравар оширишини кўрсатди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда 386 миллион нафардан ортиқ одам касал бўлиб, рақамлар доимий равишда энг юқори кўрсаткичларни янгилаб турибди. 5,7 миллиондан ортиқ беморни қутқариб бўлмади.
Эмлаш эса касалликдан сақланишнинг энг ишончли ҳимоя усули бўлиб қолмоқда.