Бугун 22 декабрь ва 23-24 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан илиқ ҳаво кириб келиши давом этади ва ҳарорат кўтарилади.

Бугун куннинг иккинчи ярмида ҳаво 8-13 даража илиққача, шанба ва якшанба кунлари эса 12-17 даража илиққача исийди. Кечалари ҳам ҳаво илиқ бўлади, якшанба кунига келиб, ҳарорат кечаси 2-7 даража илиққача кўтарилади.

Бу кунларда ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 24 декабрь — якшанба куни асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларга кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин, Фарғона водийсининг айрим жойларига туман тушиши кундузи ҳам сақланиб туради.

24 декабрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтимизда: 22-24 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат бугун кундузи 10-12 даража илиқ бўлади, шанба ва якшанба кунлари эса кечалари 3-5 даража илиққача, кундуз кунлари 14-16 даража илиққача аста-секин кўтарилади.