Тадбирнинг очилишида юрак-қон томир касалликларини жарроҳлик йўли билан даволаш вилоятда ҳам энди ривожланиш босқичида эканини қайд этилиб, хусусий тиббиёт ҳам давлат муассасалари билан бу соҳада бемалол рақобатлаша олаётгани таъкидланди.

Келгуси йилдан бепул даволаниш ордери жорий этилаётганини, энди даволаш учун пулни тиббиёт муассасасига эмас, беморнинг ўзига берилишини ҳам тиббий соҳада рақобатнинг ошишига, хусусий тиббиётнинг ҳам ўсишига йўл очиши қайд этилди.
«Абу Бакр Ар-Розий Мед Сервис» тиббиёт клиникаси 2012 йилда 2,2 миллион доллар маблағ ҳисобига барпо этилиб, диагностика ҳамда стационар даволаш хизмати ташкил этилган. Марказда бир йилда 30 мингдан ошиқ беморларга хизмат кўрсатиб келиняпти.
Стационар даволаш учун 70 дан ортиқ ётоқ-койкалар мавжуд бўлиб, Philips компаниясининг мультиспирал компьютер томографияси, рақамли рентген ҳамда УЗИ каби замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилган.

Бугун фойдаланишга топширилган, умумий лойиҳа қиймати қиймати 14,7 миллиард сўм бўлган рентгенологик эндоваскуляр жарроҳлик бўлими қурилиш ишлари 2019 йилда бошланган.
40 ўринлик янги бўлимга қиймати 750 минг доллар бўлган Philips Azurion стационар ангиографик рентген тизими, Германия ҳамда Хитойдан жарроҳлик технологиялари олиб келиб ўрнатилди. Бўлим ўз фаолиятини бошлаши билан 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутиляпти, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.