Кўчат экиш тадбирларида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви, унинг туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари фаол иштирок этиб келмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида арча, сасна, садақайрағоч, заранг, ясень, ўрик, беҳи, олча каби манзарали ва мевали кўчат навлари экилаяпти.
Жумладан, жорий йилнинг февраль-март ойларида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ходимлари тегишли маҳалла йиғинлари билан ҳамкорликда Навоий шаҳридаги “Янги ариқ” маҳалласи ва “Бинокор” маҳалласи ҳудудига 50 та манзарали арча, “Фаровон” маҳалласи ҳудудидаги кўчаларга 200 та сасна манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бундан ташқари “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини атрофидаги ерларга 50 туп манзарали сасна ҳамда 30 туп мевали олма ва гилос кўчатлари ўтқазилди ва маҳалла атрофи ободонлаштирилди.
– Кўклам олди кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилишга, ён-атрофни озода, покиза, тартибли, саранжом ҳолда сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. – Маҳаллалар билан ҳамкорликда тарғибот ва кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Дарахт экиш бу ўзбек оиласининг қадрияти, оилада фарзанд туғилганда дарахт экишган, меваси рамзий маънода авлодни англатган.
Бугунги кунга қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари томонидан Маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда 5000 тупга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Жонибек Қодиров,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
вилоят бўлими бош мутахассиси