Инсон ақли табиат сирларини очиш учун олтин калит бўлади. Мана шу мўжазгина дунёни асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз. Ён-атрофимизни озода сақласак, боғ яратсак, табиат ҳам шунга яраша жавоб қайтаради. Узоқ йиллардан буён асаларичилик билан шуғулланаман. Фандан маълумки, баҳор ойларида табиий офатлар кўп кузатилади. Мана шу талофатлар дарахт гулларига салбий таъсир этса, асалариларнинг ягона емиши гулчанг ва нектарга ҳам зиён етади. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, “яшил” қалқонларни кўпайтириш муҳим.
Баҳор ойларида бир қизиқ воқеанинг гувоҳи бўлдим: 1,5 гектарлик шафтолизор боғимизга тўрт қути асалари жойлаган эдик. Ҳаво инжиқ келди. Ҳар куни ёмғир ёғиб, қуёшли кунлар кам бўлди. Шафтоли ҳосидан умид узгандик. Аммо асаларилар ўсимлик гулларини чанглатиб, ҳосилдорликнинг ошишига катта ҳисса қўшди. Митти жонзотлар икки километр масофагача бўлган майдондаги ўсимлик ва дарахт гулларини чанглатиб, боғбон даромадини оширар экан.
Маълумотларга кўра, бир гектар ўрмон ўртача 200 минг аҳоли яшайдиган шаҳар ҳавосини тозалаб туриш имкониятига эга. Худди шунча майдондаги нинабаргли ўрмонлар эса 8 килограмгача шифобахш моддалар ажратиб, бактерияларни зарарсизлантиради. Фактларда кўриш мумкинки, саломатлигимиз учун ўсимликлар дунёсининг аҳамияти катта. Демак, яшил майдонларни кенгайтириш давримизнинг энг долзарб экологик масалаларидан бири.
Агар фермер ва деҳқонларимиз экин майдони атрофига, ариқ бўйларига бир қатор қилиб, мевали ва манзарали дарахтлардан экса, ўзимиз учун ҳам, табиат учун ҳам катта фойда. Қолаверса, бундай усул зараркунандалар кўпайиб, экинларга зиён етишининг олдини олади. Экологик маданият оиладан шаклланади. Ёшларимизни табиатни севишга ўргатсак, атроф-муҳит барқарорлигига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Абдурауф ҲАКИМОВ,
Олтиариқ тумани, Повулғон қишлоғи