2023 йил 3 апрель кунига ўтар кечаси Қарши шаҳар, “Табассум” МФЙда жойлашган болалар майдончаси атрофига экилган 30 туп ҳар хил турдаги дарахтлар кесилиб, табиатга 151.650.000 (бир юз эллик бир миллион олти юз эллик минг) сўм миқдорда зарар етказилган.
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар “Табассум” маҳалласида яшовчи фуқаролардан тунги пайт номаълум шахслар томонидан 35 туп манзарали дарахтнинг аёвсиз кесиб ташлагани тасвирланган суратлар тарқалди.
“Айтишларича, барг чиқариб, ҳаттоки мева тугишга (тут) улгурган дарахтлар қурувчиларга ёқмаган”, — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармасининг давлат инспекторлари томонидан жойида ўрганилган. Ўрганишлар давомида Қарши шаҳар “Табассум” МФЙ ҳудудида 30 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташлангани тасдиқланди.
Ўсимлик дунёсига етказилган 151 миллион 650 минг сўм зарар ҳисобланган ҳамда ҳолат юзасидан расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Қашқадарё вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.