“Ўзгидромет” маркази мутахассисларининг хабар беришича, жорий йилнинг 17-20 март кунлари ҳудудларда об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши, ёмғир ёғиши айрим жойларда қорга айланиши, кучли шамол эсиши, тоғ ва тоғ олди ҳудудларда қор кўчиши ва сел тошқини бўлиши кутиляпти. Бу ўзгаришларнинг мевали боғ ва узумзорлар, эртаки картошка ва сабзавотлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан зарур чоралар кўриляпти. Агентликнинг ҳудудлардаги лойиҳа офислари масъуллари, соҳа мутахассислари жойларга чиқиб фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тушунтириш ишларини олиб боришяпти.
Агентлик вакиллари Жиззахнинг Бахмал туманида “Имомов Зокир” фермер хўжалигида бўлишди. Бахмаллик фермерларга кўчатлар, сабзавотларни совуқдан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берилди. Маслаҳату йўриқномалар амалий тадбирлар орқали кўрсатилди. Хусусан, мевали боғларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, кам миқдорда сув оқизилди. Қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилди.
Шунингдек, Агентликнинг Пастарғом тумани лойиҳа офиси вакиллари томонидан Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги “Оқдарё Жасур олмалари” фермер хўжалигида айни йўналишда амалий тадбирлар ўтказилди.
Бундай тезкор тадбирлар, амалий саъй-ҳаракатлар Агентлик масъуллари томонидан ҳар бир ҳудудда ўтказиляпти.
Совуқ ҳаво ҳароратидан мевали боғлар, эртаки сабзавот экинларини ҳимоя қилиш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошчилида ҳудудларда ташкил этилган тезкор гуруҳлар таркибида агентлик ходимлари ҳам бор.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар гектарда 100-200 та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмлар боғнинг шамол эсадиган томонига қўйилади ва ҳаво ҳарорати кузатиб борилади. Уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш зарур. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатилади. Агар совуқ бўлмаса уюмлар ўғит сифатида фойдаланилади.
Ўз навбатида замонавий иссиқхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва лимонларни совуқ уришининг олдини олиш мақсадида иситиш тизимларини узлуксиз ишлаш чораларини кўриш керак.