Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, жорий йил 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотланганлар сафида ғузорлик Салима Хуррамова ҳам бор эди. “Ғузор қоракўлчилик” МЧЖ бош чўпони билан суҳбатлашиб, у ҳақда ёзиш мақсадида йўлга чиқдик. Аммо опани топиш осон кечмади.
Айтишларича, чўпонлар жойлашган манзилгача тахминан эллик чақирим йўл юриш керак. Машина дашт оралаб, пасту баландликлар оша олға интилади. Ғузор кенгликларининг адоғи кўринмайди. Атроф яшилликка бурканган. Тўрт-беш чақирим масофани босиб ўтганимиздан сўнг аҳоли яшаш жойлари ҳам ортда қолди. Сойларда нефть-газ соҳасига тааллуқли техникалар кўзга ташлана бошлади. Айрим жойларда баланд қувурлар кўринади. Газ конлари жиловланиб, қайта ишлаш учун заводга йўналтирилган. Соҳа вакиллари тинимсиз ишлаяпти. Улар сабаб бу кенгликларда ҳаёт аломати сезилади.
Анча йўл босганимиздан сўнг катта сой томонда қўй-қўзилар кўринди. Тепаликдан айланиб ўтдик. Шинамгина қурилган уй олдида тўхтадик. Сал нарида учта қўра қилинган. Машиналардан тушишга шайланганимизда қаердандир ит пайдо бўлди. Бегона эканимизни сезиб, уйга яқин йўлатгиси келмади. Шу пайт қўра томондан чўпон кўриниш берди. У итнинг бўйнига арқон солди. Мезбон билан салом-аликдан сўнг Салима опани сўрадик. Уй эгаси аёл нариги томонга кетиб қолган қўйларни излаб юргани, ҳализамон келиб қолишини айтди. Фурсатдан фойдаланиб, тепалик томон шошдик.
Атрофдаги гўзалликдан кўз қувнайди. Бутун олам яшилликка бурканган. Эрталаб бўлгани боис, қуёш тафти энди сезилмоқда. Кечаги совуқдан қовоғи осилган бойчечаклар секин бош кўтармоқда. Қоқигулларнинг ранги бир оз ўзгарган. Кўкламга узала тушиб ётганча, тиниқ осмонга термилиб хаёл сургиси келади одамнинг. Олис-олисдан дўмбирага жўр бўлган чанқовуз саси келади. У ўлкамизга баҳор кириб келганидан дарак бераётгандек. Кўнгилларда ажиб ҳис жўш уради. Шу пайт мусаффо осмонда турналарнинг товуши эшитилади. Баҳор даракчилари анча баландда парвоз қиляпти.
Дашт тарафдан “қурей, қурей” деган овоз эшитилади. Шу томон термиламиз. Бир сой наридан чўпон опа бир сурув қўйни ҳайдаб биз томон келарди. Бир зумда атрофни қўй-қўзиларнинг маъраши босиб кетади. Изма-из келаётган сурув бошини кўтармай ўтлайди. Қўзичоқлар гоҳида сакраб, ўйинқароқлик қилади. Чўпон яқинлашади. У биз излаб келган Салима опа эди. Қўлида таёқ. Юриши дадил. Саломлашдик. Унинг таклифи билан майсага ўтириб, суҳбатни бошладик.
— Бу йил баҳор серёғин бошланди. Осмонда булут кўринса, биз каби чорвадорларнинг кайфияти кўтарилади. Кўриб турганингиздек, қўйлар ўт-ўланга тўйиб қолди. Яқин уч-тўрт йилдан бери бунчалик баракали баҳор бўлмаган эди. Қўзилар ҳам соғлом. Совлиқлар тўйиб ўтласа, боласи яхши ривожланади. Яхши сут беради. Соғиб олишимизга ҳам етади, — дейди суҳбатдошимиз. — Аслида, чўпонлик қайнотамдан мерос. У ўз даврида катта чорвадор бўлган. Бир пайтлар шу хўжаликнинг қўйини боқарди. Кейинчалик турмуш ўртоғим билан бирга ишини давом эттирдик. Гоҳида дугоналарим доим дала-даштда юришимни гапиради. “Қишлоқдан олисда, бир хил иш қилиб зерикмайсанми?” деб сўрашади. Йўқ, дейман. Чунки чўпонлик — мен учун севимли касб. Шу кенгликларда юрсам, дилим яйрайди. Аксинча, шаҳар ёки қишлоққа борсам, юрагим сиқилади.
Бугун Салима опа “Ғузор қоракўлчилик” МЧЖда бош чўпон. Доим яйловда юради. Шундай бўлса-да, рўзғор ишларини ҳам, чорва боқишни ҳам бирдек уддалаб келмоқда. Турмуш ўртоғи Тўлқин ака ҳам чўпон. Улар йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида бирга меҳнат қилиб келмоқда. Ҳаёт чорраҳаларидаги қийинчиликларни ҳамжиҳатликда енгиб ўтяпти. Шу касб ортидан рўзғори бут. Уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, вояга етказди.
— Чорвага эргашиб юриш кишидан кучли ирода талаб этади, — дейди Салима опа. — Кун давомида оёқда тик юриш керак. Гоҳида бир кунда ўттиз-қирқ чақирим йўл босишга тўғри келади. Сурувни тўйдириш учун қанча кўп ҳайдасангиз, шунча яхши. Баъзи мавсумларда сурувни кечаси яйловга ҳайдаш керак. Шундай пайтларда бўрибосар итлардан бошқа ҳамроҳ топилмайди. Бу касбнинг оғирига ҳам, енгилига ҳам чидаш зарур. Айниқса, табиатнинг инжиқликлари чорвадорларни баъзида қийнаб қўяди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: бир йили май ойида кечга қадар осмонда қоп-қора булутлар пайдо бўлиб, шамол турди. Атроф дастлаб чангиб кетди. Ўша пайтда ўтовда яшардик. Қизим икки ойлик гўдак эди. Бир пайт жала ёға бошлади. Изидан дўл бошланди. Ўтов ичида қизимни олиб ўтиргандим. Шу маҳал ўтов ичига катталиги пиёладай думалоқ оқ нарса тушди. Нима эканини англашга улгурмасимдан тинимсиз туша бошлади. Билсам, дўл шунчалик катта бўлиб ёғаётган экан. Боламни қучоқлаганча қайга паналашни билмай югуриб, қўрага кирдим. Ўн дақиқага бормай, дўл ўтовни ер билан битта қилди. Отарнинг аҳволини кўриб, дод деб юборгим келди. Аксарият қўйлар нобуд бўлди. Иккита сигирдан айрилдик. Атроф чалажон қўйлар билан тўлди. Кўз очиб-юмгунча аянчли манзара ҳосил бўлди. Ўшандаги катта йўқотиш ҳануз ёдимдан чиқмайди. Бундай офатдан Яратган асрасин.
Чўпон аёлнинг ҳикояларини тинглаб, шунча машаққатга қарамай касбидан воз кечиб кетмаганига тасанно айтдик. Ана шу сабр, чидам ортидаги машаққатли меҳнат эътибор қозонди, мукофотга муносиб кўрилди.
— Ўшанда байрам арафаси эди. Ҳув нариги тепаликда қўй боқиб ўтиргандим. Бир пайт турмуш ўртоғим қўлида телефон билан мен томон шошиб келди, — дейди суҳбатдошимиз. — Нима гап экан деб хавотир олдим. Мени сўрашаётган экан. Антенна излаб тепаликка чиқдик. Шу пайт қўнғироқ бўлди. Жавоб берсам, фермамиз раиси экан. “Табриклаймиз, медаль муборак бўлсин”, дейди. Ҳайрон бўлиб, “Кимга, қандай мукофот?” дебман. Шу билан суҳбатимиз тугади. Турмуш ўртоғимга қарайман. У ҳам ҳеч нарсани тушунмаганини айтди. Сўнг раисга қайта қўнғироқ қилдик. Нима гап эканини сўрадик. Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан мукофотланганимни айтди. Ўшандаги қувончимни таърифлаб беролмайман. Ерга ўтириб, анча вақтгача ҳаяжондан ўзимга келолмадим. Кўз олдимдан шунча йиллик меҳнатим бирма-бир ўтиб, қилган ишларим муносиб тақдирланганига ишонолмасдим. Юртнинг чекка бир манзилидаги оддий чўпон аёл Президентимиз эътиборига тушгани мени жуда ғурурлантирди. Демак, бу юртда ҳеч ким эътибордан четда эмас экан.
Чўпон опа ҳанузгача медални кўксидан олмай, билдирилган ишончни оқлаш учун янада жидду-жаҳд билан меҳнат қиляпти. Ҳозир 250 бош совлиқни келгуси йили янада кўпайтиришни мақсад қилган. Бунинг учун унда тажриба ҳам, сабр-қаноат ҳам етарли.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири