Бундан бир йил бурун айни шу мақсадда республикамизда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси жорий қилинган эди. Мазкур лойиҳани Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бирлашган Араб Амирликларининг “Dubai Future Foundation” жамғармаси, IT Park қошидаги IT-академия, Тошкент шаҳридаги Инха университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация тенологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси илк бор Бирлашган Араб Амирликларида One Million Arab Coders номи билан йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳалар, жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувларига эришилди. Ана шундан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати мамлакатимиздаги шарт-шароит ва имкониятларини ўрганиб чиқиб, “One Million Uzbek Coders” деб номланган лойиҳани амалга жорий этди.
Лойиҳа биринчи босқичда жаҳон меҳнат бозорида талаб юқори бўлган тўртта — маълумотларни таҳлил қилиш, Android, FrontEnd ва FullStack каби йўналишлар бўйича дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган мутахассислар тайёрлашни ўз ичига олади. Таълим 120 соатга мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ва уларга махсус сертификат тақдим этилади.
Курсни муваффақиятли якунлаган битирувчи грант олиш имконига эга бўлади ва Udacity платформасидаги 100дан ортиқ Nanodegree дастурининг бирида ўқишни давом эттириши мумкин. Бунинг учун ўқувчи якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл тўплаганлар рўйхатига киришга муваффақ бўлиши керак. Nanodegree дипломлари Google, AT&T, Autodesk, Salesforce ва бошқа кўплаб IT йирик компаниялари томонидан тан олинади.
Бугунги кунда ўзбек тилида лойиҳа доирасида 700 дан ортиқ электрон ўқув материаллари жамланган “uzbekcoders.uz” интерактив портали ишга туширилган. Шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси Ziyonet таълим портали, Uzmobile мобил алоқа оператори ва Uzonline интернет-провайдерининг бепул хизматларига киритилди. Ziyonet жамоат ахборот тармоғининг асосий мақсади таълим олувчилар учун кенг кўламли ахборот-коммуникация хизматларини жорий этишдан иборат. Ziyonet тармоғи ёшлар, мураббийлар, шунингдек барча портал фойдаланувчилари учун ахборот технологиялари соҳасида маълумотлар бериш, ўзаро мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш учун имконият яратиб бериш вазифасини ҳам ўз зиммасига олган. Бунинг аҳамияти, айниқса, ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, рақамли технологияларни ривожлантириш ва уларни аҳоли кундалик ҳаётига кенг жорий этиш муҳим вазифа ҳисобланган бугунги кунда беқиёс. IT Pаrк “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида мамлакат аҳолисининг ахборот коммуникация технологияларига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида фаол иштирокчилар учун танлов ташкил қилди.
Танловнинг асосий шартлари — ташаббус кўрсатиш, бошқа иштирокчиларни руҳлантириш, уларга платформадан фойдаланишга ёрдам бериш ва лойиҳанинг Телеграм-гуруҳлар ва ижтимоий тармоқлардаги ўқув материалларини ўзлаштиришдан иборат. Бундан ташқари лойиҳа иштирокчилари саводхонлигини ошириш мақсадида танловда улар ўз муваффақиятлари, янги технологиялар ҳамда айтига оид мақола ва таржималари билан ҳам иштирок этишлари мумкин.
— Иштирокчилар ташаббуси онлайн ўзанларидаги фаоллиги, қиёсий рақамли кўрсаткичи, хабарлар сифати, мақолалар нашри, ноёблилик, лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги, натижаси, долзарблиги, грамматикаси ва тузилиши каби мезонларга мувофиқ баҳоланади. — деди Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси раҳбари Фарҳод Иброҳимов. — Мақолалар ўзбек тилида тайёрланади. Мактаб ўқувчилари учун ҳам битта номинация ташкил этилди. Унда энг яхши учта ўқувчи-иштирокчи 500 АҚШ долларига эга бўлди.
Ахборот-коммуникация таълим муҳитини яратиш, уни халқаро андозаларга тўлиқ мослаштириш ёшларимизни бугунги тезкор ижтимоий ҳаётга тайёрлашнинг муҳим омилидир. Жорий йилнинг 28 апрелида қабул қилинган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижроси бўйича Президентимиз раислигида шу йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда замонавий дастурчилар тайёрлашни янада жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Айни пайтда ёшларимиз АКТ соҳасига катта қизиқиш билан қараётгани, айниқса, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси аҳолининг кенг қатламини қамраб олаётгани қувонарлидир. Лойиҳада бир оиладан икки, уч, ҳатто тўрт нафар киши қатнашмоқда. Масалан, Жасур ва Гулноза Холовалар нафақат ўзлари, балки тўрт нафар фарзанди билан таҳсил олишгани фикримиз далилидир.
39 ёшли Жасур Холов Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ахборот технологиялари йўналиши битирувчиси, иқтисодиётнинг турли соҳаларида кўп йиллик тажрибага эга. Унинг турмуш ўртоғи Гулноза Холова Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети битирувчиси, ментал арифметика бўйича халқаро даражадаги мураббий. Ҳозирда у мактабда ўқувчиларга математика, информатика ва АКТга ихтисослаштирилган фанлардан сабоқ бермоқда.
Холовлар оиласи кўпларга намуна бўлаётгани, фарзандларини ахборот технологиялари соҳасида, кишилар ҳаётини яхшилаш ва жамият тараққиётига ёрдам берадиган инновацион лойиҳаларни яратадиган етук мутахассис бўлиб етишишишга руҳлантираётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббуснинг учинчисида рақамли технологияларни бепул ўқитиш марказларини очиш, аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиқувчи ёшлар салоҳиятидан тўғри фойдаланиш, уларга дастурий маҳсулотлар яратишда кўмаклашиш каби чора-тадбирлар ўрин олган. Зеро, АКТ инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш, уларнинг салоҳияти юксалишга имконият яратиш — бугунги куннинг муҳим талаби ва вазифаси саналади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири