Мазкур ҳужжат лойиҳаси давлат рамзидан фойдаланиш ва уни намойиш этиш тартибини янада аниқ белгилаш, барча ҳудудларда ягона ёндашувни таъминлашга қаратилган. Лойиҳада илк бор Давлат байроғининг дастасиз вертикал ҳолатда намойиш этилиш тасвирини алоҳида илова билан тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Бунда байроқ девор ёки бошқа конструкцияга вертикал илинганда, янги ой ва юлдузлар тасвири юқори ўнг бурчакда бўлиши ҳамда матонинг пастки қисми ердан камида 30 сантиметр баландликда жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажлислар залларида ҳамда дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг хизмат хоналарида байроқни жойлаштиришнинг аниқ мезонлари белгиланиши мумкин.
Лойиҳада байроқ имкон қадар иш столининг орқа қисмида, мансабдор шахснинг ўнг томонида бўлиши, агар залда бир нечта байроқ бўлса, Ўзбекистон Давлат байроғи марказий ёки ўнг томонда устувор равишда туриши зарурлиги қайд этилган.
Шунингдек, оммавий тадбирлар ва саф тортиш жараёнларида байроқни бошқа байроқлардан кейин жойлаштириш ёки олиб юриш қатъиян тақиқланиши таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида Давлат байроғини тобут устига ёпиш билан боғлиқ алоҳида тартиб ҳам ўрин олган. Унга кўра, ушбу амалиётни давлат ва жамият олдида юксак хизмат кўрсатган шахслар, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг дафн маросимларида қўллаш назарда тутилган.
Лойиҳада байроқни тескари ёки эстетик кўринишини бузувчи ҳолатларда намойиш қилиш, унинг устига буюмлар қўйиш ҳамда рамзга нисбатан ҳурматсизликни ифодаловчи ҳар қандай ҳаракатларни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси миллий рамзларимизга бўлган эҳтиромни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.