Айни пайтда бутун ишқибозлари диққат-эътибори Токиода бўлиб ўтаётган Олимпия баҳсларида экан, спортчиларимиз қўлга киритажак ҳар битта медал ўзбек халқининг улкан ютуғи сифатида тарихга муҳрланади.
Дзюдо спорт тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Давлат Бобонов бронза медали учун имконияти сақланиб қолиш учун Испания шарафини ҳимоя қилаётган Николас Шеразадишвили билан курашга тушди. Айнан шу спортчи Жаҳон чемпионатида уни мағлубиятга учратганди. Аммо бу гал бутун маҳорати ва тажрибасини ишга солиб, жаҳон чемпионини мағлуб этди. Олдинда эса бундан ҳам ҳаяжонли ва масъулиятли кураш турарди.
2020 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси номига сазовор бўлган дзюдочимиз 90 кг. вазн тоифасида туркиялик Михаэл Зганкка қарши татамига чиқди. Юртдошимиз қисқа вақт ичида чиройли усул қўллаб, рақибини мағлуб этди. Шу тариқа Ўзбекистон спортчиларининг “Токио-2020” Олимпия ўйинларидаги иккинчи, дзюдо беллашувларидаги дастлабки медалига сазовор бўлди.
— Айни пайтда қалбимда кечаётган ҳаяжонни тасвирлаб беролмайман, — дейди Д.Бобонов. — Ушбу ғалабам аввало, биз, спортчиларни қўллаб-қувватлаб турган Президентимиз эътибори, қолаверса, халқимиз, мураббийларимиз туфайли қўлга киритилди. Худо хоҳласа, 2024 йилда бу медални олтинга айлантиришга ҳаракат қиламан.
Айтиш жоизки, Давлат Бобонов қўлга киритган медал Ўзбекистон дзюдо жамоасининг олимпиада тарихидаги еттинчиси бўлди. Бунгача терма жамоамиз вакиллари 4 та олимпиадада юртимизга 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларини тақдим этишган.
— Фарзандимнинг ғалабасидан онаси иккимиз ҳамон ҳаяжондамиз. Мен бугун 15 йиллик орзу-умидларимнинг рўёбини кўрдим, — дейди спортчининг отаси Ҳусниддин Бобонов. —Унинг Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов, Диёрбек Ўрозбоевларга ўхшашини жуда-жуда хоҳлардим. Хайрият, ўғлим юртимиз байроғини жаҳон майдонларида кўтарди. Армоним йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, ўғлимнинг шундай ғалабага эришувида қўллаб-қувватлаган Президентимизга, Олимпия қўмитаси, Спорт вазирлиги, Спорт яккакурашлари бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутахассисларига миннатдорлик билдираман.
Спортчимиз олти ёшида амакиси Шахобиддин Бобонов тарбиясида бўлган. 2010 йилдан 2016 йилгача Самарқанд Олимпия захиралари спорт коллежида таҳсил олиш мобайнида
мураббийи Нурали Қобуловдан дзюдо сирларини чуқур ўрганди. 2012 йилдан буён дзюдо бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзоси. 2020 йилда Самарқанд давлат Университети Жисмоний тарбия факультетини тамомлади. 2020 йилдан буён эса, Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий спорт клуби аъзоси.
—Ғолиб спортчиларимиз, аввало, ўзларининг салоҳияти, қолаверса, мураббийлари меҳнатини ўзига хос тарзда кўрсата олгани билан фахрланамиз. Улуғбек Рашидов, Давлат Бобоновни ўзига хос тарзда кутиб олишга муносиб ҳозирлик кўряпмиз, — дейди Спорт яккакурашлари бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби директори Баҳодир Маматназаров. Қолган спортчиларимиз ҳам зафар қучиб, медалларимиз салмоғини оширишига ишонамиз.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири