Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳукукларининг кафолатларини кучайтириш, бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, ушбу соҳадаги тартиб-таомилларини сезиларли даражада соддалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омил бўлиб, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланиши натижасида кўплаб оилаларга барака киради, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилади. Шу боис, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди.
Охирги тўрт-беш йилда давлатимиз раҳбари томонидан соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар, шунингдек, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурлари доирасида ажратилаётган имтиёзли кредитлар аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга хизмат қилаётир.
Бироқ яратилаётган шарт-шароитларга қарамай, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятини ўзбошимчалик билан иморат қурган ҳолда амалга ошириш ҳолатлар кўпаймоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан Тошкент шаҳрида 2019 йилда 2730 та, 2020 йил 9 ойида 1774 та иморатлар ўзбошимчалик билан қурилганлиги аникланган. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан иқтисодий судларга 2019 йилда 661, 2020 йилнинг 9 ойида 1463 та даъво аризалари киритилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида бу соҳада юзага келаётган кўплаб муаммоларнинг ечими аниқ белгилаб қўйилган.
Шу ўринда савол туғилиши табиий. Хўш, ушбу қонунни қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса, нега унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти? Аслида янги таҳрирдаги қонунни қабул қилишга қандай сабаблар бор?
Айтиш жоизки, жорий йил 1 январдан бошлаб табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, маиший тусдаги офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини тиклаш учун тегишли ваколатли давлат органига мурожаат қилинганда, уларни тўловлар (давлат божи, герб йиғими, консуллик йиғими, ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим ва давлат хизматларини кўрсатганлик учун белгиланган нархлар)дан озод қилиш белгиланган.
Лекин “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида офатлар юз берганлиги оқибатида жисмоний шахсларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда давлат божи ва консуллик йиғимидан озод қилиш белгиланмаган. Шу боис, юқоридаги қонунда давлат божи ва консуллик йиғимидан озод қилинган шахсларнинг тоифаларини кенгайтириш зарурати мавжуд.
Шунингдек, аҳоли пунктларини тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилишларни амалга оширишда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш зарурати мавжуд. Қолаверса, аҳоли пунктларини тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш юзасидан бу борадаги масъул давлат органларининг судга мурожаат этишда иқтисодий имкониятлари чекланган.
Бундан ташқари, аҳоли пунктларини тадбиркорлик субъектлари томонидан шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига риоя этилмаслиги натижасида ҳудуднинг санитария-эпидемологик осойишталиги ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишига сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида, “Давлат божи тўғрисда”ги қонуннинг 8 ва 9-моддаларини ўзаро мувофиқлаштириш, ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузишда судга мурожаат этиш имкониятларини бирхиллаштириш зарурати келиб чиқмокда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган Қонунига давлат органларини ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисида иқтисодий судларга киритиладиган даъволари юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилиш, шунингдек, офатлар юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахсларнинг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини такрорий берганлик учун тўловлардан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.
Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида соҳада юзага келаётган кўплаб муаммолар ўз ечимини топади:
биринчидан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир қонунчилик ҳужжатларида мавжуд бўлган ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф қилинади;
иккинчидан, мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳоли пунктларини тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилишларни амалга оширишда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга имкон беради;
учинчидан, аҳоли пунктларини тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш юзасидан масъул давлат органларининг судга мурожаат этиш имкониятларини таъминлайди.
Умуман олганда, ушбу ҳужжат давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан эса аҳоли пункларини шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ҳамда ҳудуднинг санитария-эпидемологик осойишталиги ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш учун зарур ҳуқуқий механизм жорий этилади.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати