Маърузада таъкидланишича, инвестицияларни молиялаштириш харажатларига Давлат бюджети жами харажатларининг 9,2 фоизи ёки 5 трлн 979 млрд сўм миқдорда маблағ сарфланди.

Шундан:

бевосита давлат бюджетидан Инвестиция дастурига киритилган 1 834 та объектларни қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун 4,1  трлн.сўм маблағлар молиялаштириб берилган бўлиб, ўзлаштириш йиллик параметрга нисбатан 35 фоизини ташкил этди. 

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий ва  инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун жами 3, 8 трлн.сўм режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 1,1 трлн. сўм ёки жами маблағларнинг 28 фоизи ўзлаштирилди.

Маълумот учун: 2019 йилнинг 1 ярим йиллигида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан капитал қўйилмаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи йилллик параметрларга нисбатан 52 фоизни ташкил қилган.

Инвестиция дастурининг ҳисобот даврида ижросини вазирлик ва идоралар кесимида таҳлил қилинганда, бюджетдан маблағлар тўлиқ ажратилганлигига қарамасдан, айрим вазирлик ва идоралар томонидан ушбу маблағларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи пастлигини кўрсатмоқда. 

Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси йиллик кўрсаткичнинг 4 фоизи (33,3 млрд.сўмдан 1,2 млрд.сўм), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан 5 фоизи,  Маданият вазирлиги томонидан 8 фоизи, Мактабгача таълим вазирлиги 10 фоизи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси 15 фоиз (17,9 млрд.сўмдан 2,7 млрд.сўм ишлатилган) ўзлаштирилган холос.

Мисол учун, Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги 332 та мактабгача таълим муассасалари учун 1 348,7 млрд.сўм ажратилган бўлиб, жорий йилнинг 1 июлига қадар 256 та мактабгача таълим муассасасини қуриштаъмирлаш ишларини бошлаш учун 139,2 млрд.сўм молиялаштирилган ва қолган 76 та объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр бўлмагани учун молиялаштириш очилмаган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига 47 та спорт комплекслар ва спорт таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун 308,6 млрд.сўм ажратиб берилган бўлса-да, ҳисобот даврига қадар 17 та спорт объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун бор йўғи 16,6 млрд.сўм ёки белгиланган режанинг 5 фоизи ўзлаштирилган холос. Қолган 165,5 млрд.сўмлик 30 спорт объектлари бўйича ҳисобот даврига қадар молиялаштириш очилмаган.

Ҳудди шундай ҳолатларни Маданият вазирлиги тасарруфидаги объектларда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, 10 та маданият ва санъат муассаларини қуриштаъмирлаш ишлари учун режалаштирилган 62,3 млрд.сўм маблағлардан 6 таси учун учун бор йўғи 5,0 млрд.сўм молиялаштирилган ёки йиллик кўрсаткичнинг ўзлаштирилиши атиги 8 фоизни ташкил қилмоқда. Қолган 4 та маданият ва санъат муассасалари молиялаштириш бошланмаган.

Инвестиция дастури доирасида Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг бундай паст даражада ўзлаштирилиши сабаби шуки, объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер (танлов) савдоларини ўтказиш жараёни ўз вақтида ўтказилмаслиги ва чўзиб юборилганлиги, пандемия туфайли қурилиш ишларининг секинлашиши билан боғлиқ.