Куни-кеча клуб аъзоларининг малакасини янада ошириш, стратегик аҳамиятга эга объектлар фаолияти билан яқиндан таништириш, муваффақиятли лидерлар билан очиқ мулоқотларини ташкил қилиш учун Тошкентда қисқа муддатли курс ташкил этилди.
Дастлаб клуб аъзолари пойтахтдаги муҳим объектларда бўлишди. Асосий машғулотлар эса Бўстонлиқдаги “Ёшлар оромгоҳи”да давом этди. 2 кун давомида ёшлар учун “Жамоани шакллантириш”, “Тайм-менежмент”, “Лидерлик” каби мавзулардаги квест-тренинглар, мастер-класслар ташкил этилди.
Турли методлар орқали ёш лидерларнинг муаммоли ва стрессли вазиятларда қарор қабул қилиш кўникмалари, музокаралар олиб бориш, стратегик фикрлаш қобилиятлари синовдан ўтказилди.
Дўстона руҳда ўтган Дастур якунида клуб аъзолари давлат хизматчилари каби 90 кунлик иш режалари тақдимотини қилишди.
Дастур сўнгггида “Келажак лидерлари” клуби аъзоларига ишонч билдирилиб, уларга махсус ўқувни муваффақиятли тугатганлиги муносабати билан Сертификатлар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятида “Келажак лидерлари” клубига аъзоларни саралаш тўрт босқичда амалга оширилди. Жорий йилнинг 15-25 февраль кунлари клубга аъзоликка танлов ўтказиш бўйича ижтимоий тармоқларда эълон берилиб, белгиланган муддат давомида электрон платформага 518 нафар номзодлардан ҳужжатлар келиб тушди, 50 нафар ёш лидерлар эса клуб аъзолигига қабул қилинган эди.
“Келажак лидерлари” клуби координатори Янги авлод кадрлари бир кунда шаклланиб қолмайди" — Раъно Умарова:
— Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илгари сурилган ташаббус, яъни Самарқанд вилоятида биринчилардан бўлиб тажриба-синов тариқасида "Келажак лидерлари" клубини ташкил этиш ғояси пайдо бўлганда дастлаб менда бироз хавотир пайдо бўлди. Турли соҳа ва қатлам вакилларини бир миссия атрофида жамлаш мураккаб вазифадек туюлди. Лекин мақсад аниқ қўйилганлиги учун вилоятда бу клубни шакллантиришга эришилди. ТОП-50 нафар энг фаол, турли соҳа вакилларидан иборат талаба ва давлат хизматчилари саралаб олинди. Очиғи, янги авлод кадрлари бир кунда шаклланиб қолмайди. Бугун клуб аъзолари мунтазам равишда тайёрланиб, малакасини оширмоқда, улар учун тизимли равишда семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, мастер-класслар ташкил этилмоқда. Ўйлайманки, яқин йилларда янги авлод кадрларининг давлат фуқаролик хизматига кириб келишида ушбу клуб аъзолариниг ўз ўрни бўлади.
"Муваффақият — бирдамликда" — Фарангиз Худоёрова
— Оромгоҳда ўтган 2 кунимиз шахсий ривожланишимиз учун жуда фойдали бўлди. Мулоқотлар ташкил этилди. Тренингларда иштирок этдик. Турли кейслар устида ишладик. Ҳамма вазифани жамоа бўлиб амалга оширдик. Муваффақият — бирдамликда эканлигини амалда кўрдик. Шунингдек, турли вазиятларда стратегик ечим топа олиш, фикрда собит туриш, жамоа билан келишиб ишлаш, тезкор қарор қабул қилиш каби тушунчаларни кейсларда кўриб чиқдик. Ушбу Дастур биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди.
"Тренер Тингловчиларнинг қатор қобилиятларини синовдан ўтказдик" — Лола Инагамова
— “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан турли интерфаол методлар орқали машғулотлар ўтказдик. Тренинглар нафақат назарий билимлар, балки тингловчиларнинг амалий тажрибаларини умумлаштириш, уларни муҳокама қилиш, тизимлаш, ўзаро тажриба алмашиш, фикрлаш ҳамда баҳолаш қобилиятини шакллантириш асосида олиб борилди. Очиғи, ёшларни давлат хизматига қизиқиши, мавжуд муаммоларни кўра олиши ва ечим таклиф қила олаётгани мени қувонтирди. Улар нафақат келажак, балки бугуннинг ҳам лидер ёшлари эканликларини амалда кўрсатишди.