Жорий йилнинг 22 – 23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи бора ўтказилган “Tashkent Law Spring” халқаро ҳуқуқий Форумининг асосий мавзуси ҳам айнан «Ҳуқуқ 4.0.» деб номланиши бежиз эмас. Ушбу Форумнинг мунозара сессияларида хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида тўртинчи саноат инқилоби шароитида ҳуқуқнинг кўриниши, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар хусусида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Хусусан, «Давлат ҳуқуқий сиёсати: долзарб муаммолар ва келгусидаги тенденциялар» мавзусидаги биринчи сессияда Ўзбекистон, Россия, Беларус, Қозоғистон, Озарбайжон ва Сингапурнинг адлия вазирлари ҳамда миллий экспертлар тақдимотлар билан чиқиш қилиб ўзларининг тажрибалари, амалга оширилган ишлар, шунингдек, эришилган натижалар билан ўртоқлашишди.

Шубҳасиз, 2020 йилда Covid-19 нинг тарқалиши билан боғлиқ пандемия ҳуқуқ соҳасида рақамли трансформация жараёнини сезиларли даражада тезлаштирганлиги маърузачилар томонидан таъкидланди.

Жумладан, сессия маърузачиларидан бири, Россия Федерацияси адлия вазири Константин Чуйченко вазирлик бугунги кунда икки йўналишда, яъни ҳуқуқий тизимни рақамли трансформациялаш ва мижозларга йўналтирилганлик принципи асосида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича
ўз фаолиятини шакллантириб бораётганлигини билдирди.

Шунингдек, Беларус Республикаси адлия вазири Олег Слижевский пандемия шароитида видеоалоқа ёрдамида масофавий ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ривожланиб бораётганлиги, 2020 йилда икки мингга яқин бу шаклдаги маслаҳатлар берилганини, Беларусда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқ биометрик ҳужжатлар (идентификацион карта, биометрик паспорт, электрон рақамли имзо, ID карта ва б.) шаклига ўтказилаётганлиги айтиб ўтди.

Бундан ташқари, Озарбайжон адлия вазири Фикрет Маммедов «Озарбайжон – 2030» ривожланиш дастурининг бешта йўналишидан бири рақамли жамият яратиш ҳисобланиши, бу йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, «Ягона эшик» принципини жорий этиш орқали бир бинода деярли 40 та тизимдаги 300 турдан ортиқ электрон хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, «Электрон нотариат тизими» (шунингдек, мобил нотариат иловаси) яратилганлиги бу тизимдан исталган жойдан электрон нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имконияти мавжудлигини билдирди.

Шу билан бирга, ушбу сессияда Акерке Ахметова (Қозоғистон Республикаси адлия вице-министри) Қозоғистонда қонун ижодкорлиги жараёнига «яшил ва оқ китоблар» тажрибаси қўлланилаётганлигини, Касивисванатан Шанмугам (Сингапур ички ишлар ва ҳуқуқ вазири) Сингапурда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада яхшилаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини билдиришди.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам ўз фаолиятини рақамлаштириш бўйича сезиларли натижаларга эришаётганлиги таъкидланди. Бугунги кунда вазирлик тизимида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz), Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (Project.gov.uz), Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (Regulation.gov.uz), “E-Qaror”, “E-notarius.uz”, “e-ngo.uz” тизимлари фаолият юритмоқда, шунингдек, «виртуал адлия»ни яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги томонидан 148 турдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда ҳамда йўл охирига қадар бу хизматларни 200 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Адлия вазирлиги ўз фаолиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун хизмат қиладиган ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган давлат органига айлантириб бормоқда. Бу борада хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш, хорижий ва миллий экспертлар тавсияларини олиш ҳамда мамлакатимизда ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилишда ушбу Форум ноёб майдончага айланмоқда.

С. Нусратов,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Қонун ҳужжатларини таҳлил илиш

ва тизимлаштириш бошқармаси

Етакчи маслаҳатчиси