Масалан, Жиззах политехника институтида ҳақиқатда ишламаган 110 нафар фуқарога, қарийб 10 миллиард сўм иш ҳақи ҳисоблаб, ноқонуний ўзлаштирилган.
Ёки, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари “Ягона буюртмачи хизмати” компаниялари 18 та объектда амалда бажарилмаган 50 миллиард сўмлик ишларни ҳисоботларга қўшиб ёзган.
Сергели ободонлаштириш бошқармасида аслида ишламаган ходимларга 4,3 миллиард сўм тўланган.
Қўшработ таълим бўлими бухгалтери томонидан 3 миллиард сўм нақд пул ва 1,5 миллиард сўм маблағ пластик карта орқали ноқонуний ўзлаштирилган.
"Ўзгидромет" раҳбарияти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан асоссиз 1,3 миллиард сўм ссуда олган, шунингдек, ўзларига бир неча карра кўп мукофотлар ёзиб келган.
Давлат ташкилотлари раҳбарлари ўзларига асоссиз равишда мукофотлар ва бошқа моддий рағбатлантириш пулларини ёзиб келаётгани билан боғлиқ ҳолатлар текширилади ва маблағларнинг бюджетга қайтарилиши таъминланади.
Умуман, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси фаолияти мутлақо қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Инспекция фақат камчилик аниқлайдиган идорага айланиб қолгани, профилактика билан эса иши йўқлиги, тизимида коррупция улуши юқорилиги танқид қилинди.
Бюджет маблағини тақсимлаш ҳам, уни назорат қилиш ҳам битта вазирликда бўлиши нотўғри экани таъкидланди.
Шу боис Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳам Бош прокуратура Департаментига ўтказилади.
Шу билан бирга Ҳисоб палатаси ходимлари бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 12 та вазирликка бириктирилади. Вазирликларнинг ҳар бир харажати улар билан келишилгандан кейин амалга оширилиши белгиланди.
Умуман, Департамент ва Ҳисоб палатаси биргаликда ишлаб, яширин иқтисодиётни жиловлаш ва бюджет маблағларини тўғри сарфланиши учун жавобгар бўлади.