Унда сенаторлар, экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан мазкур Қонуннинг бугунги кундаги аҳамияти долзарб эканлиги қайд этилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда давлат мулкини бошқариш бўйича ягона Қонун мавжуд эмас. Соҳа бир қанча қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солиниб, амалиётда турли хил ноаниқликларни келтириб чиқаряпти. Шу ўринда хориж тажрибасига қарайдиган бўлсак, Франция, Финляндия, Ирландия, Венгрия, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Филиппин, Грузия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда давлат мулки ва уни бошқариш билан боғлиқ муносабатлар тегишли ягона қонунлар билан тартибга солинади.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларида давлат мулкига эгалик қилиш, яъни айнан қайси мулкларни давлатда сақлаб қолиш, қайсиларини хусусийлаштириш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмас. Ушбу мезонларнинг бўлмаганлиги сабабли иқтисодиётда давлатнинг иштироки юқорилигича қоляпти. Айрим соҳаларда тадбиркорлик субъектлари орасида рақобат муҳити ривожланган бўлсада, асоссиз равишда давлат иштирокида корхоналарни ташкил этиш амалиётда ҳали ҳам амалиётда учраб турибди.

Давлат иштирокидаги корхоналар турли хил давлат ташкилотлари ва назорат қилувчи функцияларга эга органлар томонидан бошқариляпти. Бу эса ушбу соҳада давлат сиёсатини бир хилда юритиш имкониятини чеклаяпти.

Бундан ташқари, давлат мулкини бошқариш самарадорлиги ва уларни сақлаш харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш талаби қонун ҳужжатлари билан белгиланмаган.

Шу боис янги Қонунда давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари белгиланади.

Бундан ташқари, давлат мулклари республика мулки ва муниципал мулк турларига ажратилади. Фуқаролик кодексида белгиланган мол-мулклардан ташқари республика мулкида ёки муниципал мулкда бўлиши мумкин бўлган давлат мулклари белгиланади.

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига муниципал мулкларни белгиланган мезонлар доирасида сотиш, ижарага ва ишончли бошқарувга бериш ваколати қонун билан белгилаб берилади.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, давлат мулкини бошқариш соҳасини янада такомиллаштиришга ҳамда бу соҳада давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ва ваколатларини аниқ белгилаш, давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Мажлис якунида экспертларнинг ушбу Қонун бўйича тавсиялари тайёрланиб, Суд-ҳуқуқ масалалар ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.