Форумнинг Бош мавзуси: Ҳуқуқ 4.0. (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби даврида) бўлгани боис, иштирокчилар томонидан асосан яқин келажакда ҳуқуқ соҳасига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Мунозара сессиясини модератор вазифасида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазир маслаҳатчиси - IT технологиялари, телекоммуникациялар ва инновацияларни ривожлантириш департаменти бошлиғи Олим Умаров кириш сўзи билан очиб берди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шундан сўнг маърузачи сифатида таклиф этилган Буюк Британия Ҳукумати Рақамли Хизмати Рақамли технологиялар бўйича халқаро бош маслаҳатчиси Жуд Ханан, Тарту университети профессори, Эстония фанлар академияси аъзоси Лаури Мелксо, Юридик технологияларни ривожлантириш бўйича МФC маслаҳат кенгаши раиси Марк Бир Обе, Халқаро оммавий ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасида катта илмий ходим, Тарту университети ҳуқуқ факултети профессори Мерилин Киворинг, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг давлат харидлари, рақамли иқтисодиёт, очиқ ҳукумат бўйича катта маслаҳатчиси Элиза Невядомска, Жаҳон банкининг молиявий менежмент бўйича бош мутахассиси Хурам Фарук ва Европа Комиссия фаолиятини тартибга солишни назорат кенгаши Президенти Вероника Гаффи каби иштирокчиларга навбат билан сўз берилди.

Буюк Британия Ҳукумати Рақамли Хизмати вакили Жуд Ханан ўз маърузасида рақамли имкониятларни яхшилашда ҳукуматга ёрдам бериш ҳақида сўз юритаркан, ҳукумат томонидан фойдаланувчиларга оддий, аниқ, тезкор ва арзон хизмат кўрсатилиши лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга 2000 дан ортиқ сайтларни ягона домен остида бирлаштирган GOV.UK платформаси имкониятлари ҳамда унинг фаолиятига оид 5 муҳим тамойилга алоҳида тўхталиб ўтди.

Тарту университети профессори Лаури Мелксо рақамли ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги аҳамияти борасидаги маърузасида давлатларнинг рақамли технологиялар билан юзлашиши муқаррарлиги ва ушбу жараёнларда маданий қадриятларни сақлаб қолиш зарурияти, шунингдек, рақамли ҳукуматнинг очиқлик ва инсон ҳуқуқларига таъсири ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини иштирокчиларга баён қилди.

Шунингдек, сессия давомида иштирокчилар Юридик технологияларни ривожлантириш бўйича МФC маслаҳат кенгаши раиси Марк Бир Обенинг LawTech-га биз ишонамиз: қандай қилиб технологиялар жамоатчиликнинг ҳукуматга бўлган ишончини ошириши мумкин мавзусидаги маърузасини тинглашди ҳамда жамоатчилик ишончини оширишга хизмат қилувчи рақамли технологиялар ҳақида зарур маълумотларга эга бўлишди.

Шу билан бирга, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ходими Элиза Невядомска давлат харидларини рақамли технологиялар ёрдамида амалга ошириш орқали шаффофлик ва очиқликни таъминлашнинг ўзига хос фойдали жиҳатлари ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот бериб ўтди.

Сессия якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга хорижий экспертлар томонидан батафсил жавоблар берилди.