Низомга кўра, Академияда қуйидаги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади:
- “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”;
- “Давлат бошқаруви”;
- “Инсон ресурсларини ривожлантириш”;
- “Давлат сиёсати”;
- “Давлат молиясини бошқариш”.
Академия магистратурасига қабул давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Академияга давлат буюртмаси бўйича қабулни ташкил этиш учун номзодларни бирламчи саралаб олиш бўйича идоравий комиссия тузилади.
Номзод Идоравий комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- охирги 2 йиллик фаолияти давомида амалга оширган ижобий ишлари ҳақидаги маълумот;
- маълумотнома-объективка;
- номзоднинг қўшимча эришган ютуқлари: илмий даражаси, илмий унвони, хорижий тилларни билиш сертификати кабилар.
Магистратурада ўқишга тавсия этилган номзодлар умумий сонининг, қоида тариқасида, камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Академияда магистратура мутахассисликларига давлат буюртмаси бўйича танлов 2 босқичда, тест синови ва суҳбат шаклида ўтказилади.
Қабул комиссияси қарори билан давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган номзодларни Академия тингловчилигига қабул қилиш ректорнинг буйруғи билан амалга оширилади.