Шу асосда 2023 йилдан Қоракалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳам жорий этиш мақсадида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сирдарё вилоятида ЖССТ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамкорликда ўтказган ўқув-амалий семинар шу мақсадда ташкил этилди. Ушбу ҳудуддан келган вакиллар бу ердаги ўзгаришлар ва янгиликларни ўз ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларига татбиқ этишда фаол иштирок этади.
Ўқув-амалий семинарда ДТСЖ ижро этувчи директори Ф. Шарипов, бўлим бошлиқлари У. Газиева, Б. Мўминов, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Мавланов, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти А. Горошко, А. Кацага (онлайн) ва бошқалар ўз тақдимотлари билан иштирок этиб, аҳолини амбулатория шароитида бепул дори воситалари билан таъминлаш, реимбурсация ва унинг мақсад ва вазифалари, молиялаштириш тизими уни Сирдарё ва бошқа вилоят ҳудудларига жорий этиш механизмлари билан боғлиқ ишларни тушунтириб беришди.
Вилоятлардан келган соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3, 4 оилавий поликлиника, Кўп тармоқли марказий поликлиника, Сардоба туманидаги 26-оилавий поликлиника, Боёвут туманидаги 7-оилавий поликлиника ҳамда Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган маҳорат дарсларида иштирок этди. Ўзларини қизиқтирагн барча саволларга жавоб олишди. Жумладан, оилавий шифокорларга аҳолини бириктириш ҳолати, МИС дастури асосида ишни ташкил этиш, оилавий шифокор қабулига навбатдан олдин ёзилиш, қабулга кириш, оилавий шифокор томонидан тор соҳа мутахассисларига йўлланма бериш тартиби, шифохонага ётқизиш мезонлари, поликлиникаларда ташкил этилган “тиббий бригада”лар фаолияти, шифокор олди кўриги хоналари ва у ерда иш фаолиятини олиб бораётган амалиётчи ҳамширалар вазифаси ҳақида батафсил маълумотлар олишди.
Семинар якунида Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда Сирдарё тажрибаси асосида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди ва асосий вазифалар белгилаб олинди.