Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Инсон ҳуқуқлари уйига беғараз тақдим этган адабиётларнинг бир қисми Давлат ва ҳуқуқ институтига топширилди.

Институт фондига, хусусан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг асарлари, инсон ҳуқуқлари соҳасига оид нашрлар, шунингдек, Хитой маданияти ва адабиётига бағишланган жами 28 номдаги 56 та китоб ҳамда 6 та электрон диск (e-book) тақдим этилди.

Сўзга чиққанлар айни маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига ҳамоҳанг эканини таъкидладилар.

Мазкур адабиётлар Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, тадқиқотчилари ҳамда ёш олимлар учун халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий ёндашувларни таҳлил қилиш ҳамда илмий изланишларни бойитишда муҳим манба бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов ушбу адабиётларнинг илмий-амалий аҳамияти, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ўрнини алоҳида қайд этди. ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ушбу қимматли адабиётлар учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизмати.