Бу борада давлатимиз раҳбари, энг аввало, давлат хизматчиларининг ҳам ўзи каби одил раҳбар бўлишини ва ҳар бирининг ўтирган лавозмида халқ манфаатини ўз манфаатидан-да устун қўядиган, инсон қадрини улуғлайдиган, фидойи, шунингдек, масъулиятни қалбан ҳис этадиган, ҳалоллик билан иш юритиб, мамлакатимизни юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилишини талаб этмоқда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг имзолангани эса бунинг тасдиғи ҳисобланади.
Давлат хизматчиси давлат органларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилувчи, унинг ташкилий-бошқарув функцияларини бажарувчи, юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширувчи ҳамда хизмат мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахс саналади.
Шу ўринда “Давлат фуқаролик хизмати”, деган тушунчага ҳам алоҳида изоҳ бериб ўтиш лозим. Давлат фуқаролик хизмати – давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият саналади.
Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларига бугунги кунда қуйидаги талаб ва вазифалар қўйилмоқда. Яъни, бунда раҳбарлик лавозимига тайинланаётган ҳар қандай шахс олий маълумотга ва давлат фуқаролик хизмати ҳамда эгаллаган мутахассислигига доир қонун ҳужжатларини қўллаш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим бўлади.
Шу билан бирга давлат ҳамда хорижий тиллардан бирини мукаммал билиши, стратегик ва таҳлилий фикр юрита олиши, қарорларни тез қабул қилиши ҳамда уларни қисқа фурсатда бажариши, юқори профессионализм, софлик ва адолатда ҳам бирдек ўрнак бўлиши, иш вақтидан самарали фойдалана билиши ва тадбирларни режалаштириш кўникмаларига эгалиги, мунтазам ўз устида ишлаши, хусусан, хорижий тажрибани кузатиб бориши ҳамда энг афзал жиҳатларини иш жараёнига қўллай олиши, коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига кўмаклашиши, ўз хизмат вазифаларини одидона бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги, энг муҳими, охирги уч йилда давлат органлари ва ташкилотларидан салбий сабабларга кўра белгиланган тартибда бўшатилмаган бўлиши лозимлиги талаб этилади.
Яна шуки, мамлакатимизда кадрларни очиқ мустақил танлаб олиш шартлари асосида саралаш ва лавозимларга жойлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, юртимизда ва хорижда малакасини ошириш, уларга даражалар бериш орқали мансаб поғоналаридан кўтарилиб боришини таъминланиши ҳам таъкидланган.
Шу билан бирга ушбу қонунда давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўзда тутилган.
Коррупцияга йўл қўйган ҳар қандай давлат бора-бара таназзулга юз тутиши ва жамиятнинг аста-секинлик билан емрилиб, қулашига сабаб бўлади. Бунда асосан “порахўрлик” деб аталмиш жирканч иллатни жамиятдан сиқиб чиқариш мақсадга мувофиқ саналади. Чунки ҳар бир давлат хизматчиси ҳаллолик, холислик, профессионаллик ва компетентлик, қонунийлик, адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида иш юритар экан, муваффақият калитини қўлга киритади. Бу орқали давлатни пағонама-пағона юксалтиришга ва халқ розилигига эришишга омил бўлади.
“Давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт”, дея талаб қўйилган ушбу қонунда.
Шунингдек, давлат фуқаролик хизмати (ДФХ) ахлокий хулк-атвор қоидаларига риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олди олиш ва ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматлари учун совғалар олиш ва тақдим этиш тартибини белгилаш, ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти ва рағбатлантиришни таъминлашни ўз зиммасига олиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва унга тўлоқонли амал этилиши нафақат давлат хизматчиларига, балки жамият равнақига, шунингдек, халқ манфаатига ҳам бирдек хизмат қилиши табиий.
Шерзод АЛЛАБЕРГЕНОВ,
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ
“14-сонли Рельс пайвандлаш поезди” УК бошлиғи