Дунё давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари иккита йирик йўналишга бўлинади. Биринчиси, коррупцияни маърифий йўл, яъни аҳоли ва давлат хизматчиларининг дунёқарашини ўзгартириш, тадқиқот ва тарғиботни кучайтириш, ўқитиш билан олдини олиш бўлса, иккинчиси коррупцияга қарши кескин чоралар ва оғир жазолар белгилашдир.

Хусусан, Сингапур, Гонконг, Янги Зеландия каби давлатлар коррупция профилактикаси ва унга қарши курашиш чораларини бир вақтда қўллайди.

Айниқса, Сингапур ва Гонгконг тажрибасида тизимли ва даврий ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, ҳар икки давлатда давлат хизматчилари йил давомида тасдиқланган график асосида ўқитилади.

Сингапурда коррупция ва уни олдини олиш бўйича махсус дастурлар орқали миллий ва хорижий давлат хизматчилари, хатто хусусий сектор вакиллари ва талабалар коррупцияга қарши ўқувдан ўтказилади.

Гонконгда тайёрлов курслари ва ҳалоллик дастурлари орқали барча жамият қатламларини коррупцияни олдини олиш бўйича ўқитилади. Бунда 3 гуруҳ вакилларихусусий сектор, давлат сектори, аҳоли алоҳида тартибда ўқитилади.

Яна кўплаб давлатларда Этикани ривожлантириш марказлари, Этика бўйича ходимлар тармоғи лойиҳаси ва “Барча учун этика” дастурлари доирасида коррупцияни олдини олиш бўйича тизимли ўқувлар йўлга қўйилган.

Эътибор қаратадиган бўлсак, лойиҳа Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишнинг ҳам маърифий ҳам кескин чоралар ва оғир жазолар йўлидан бормоқчилигини кўрсатмоқда. Бу энг тўғри йўлдир.

Лойиҳаларда коррупцияга оид жавобгарликни кучайтириш, давлат хизматчиларига нисбат кўплаб таъқиқиларни белгилаш билан бир қаторда маърифий чоралар, хусусан давлат хизматчиларини ўқитишга оид алоҳида вазифалар кўрсатилган.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат бошқаруви академиясига 2022 йил 1 январдан бошлаб “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида давлат хизматчиларини мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда.

Бунда, ушбу тизим доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш туман даражасида ҳудудий адлия бўлимларида, вилоят даражасида ҳудудий олий таълим муассасаларида, республика даражасида Давлат бошқаруви академияси ва унинг филиалларида амалга оширилади.

Ўқитиш, хусусан даврий ўқувларни ташкил этиш Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан Ўзбекистонда 2018 йилги мониторинг натижаларига кўра ҳам тавсия қилинган эди.