Президентимиз яқинда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот билан танишаркан, жумладан, шундай деди: «Давлат идораларининг халқимизга хизмати одамларни рози қилишнинг асосларидан бири. Қайси қишлоқда, маҳаллада қайси хизматга эҳтиёж борлигига қараб, шунга шароит яратиш керак. Қайси хизматларни арзонлаштириш, қайсиларини бепул қилиш масаласини таҳлил этиб, аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш зарур».
Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янги тизими жорий этилгани юртдошларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда, вақтини ҳам, нақдини ҳам тежашда муҳим аҳамият касб этяпти. Хусусан, Президентимизнинг шу йил 23 мартдаги «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига биноан, 1 майдан бошлаб 28 турдаги давлат хизмати натижалари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра почта орқали етказиляпти.
Жумладан, аҳоли кўп мурожаат қиладиган соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида муҳтож шахсларга протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар етказиб бериш, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсни ёлғиз яшайдиган ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш, имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, ўзгаларнинг парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бор шахсларга санаторийларда имтиёзли даволаниши учун йўлланмалар бериш, одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги сертификатларни почта орқали олиш мумкин.
Энди ҳужжатларни легаллаштириш, судлар, таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостол қўйиш, таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат дубликатини тақдим этиш, хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта, олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш, алмаштириш ва йўқолганлари ўрнига янгисини бериш, автотранспорт воситалари ва тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ёки транзит рўйхатдан ўтказиш, давлат рақами белгисини берилгани ҳақидаги ҳужжатлар ҳам мурожаатчининг хоҳишига кўра, почта хизмати орқали етказилади.
Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар учун муҳим бўлган интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ турли патентлар олиш, маҳсулот ва товар белгисига муаллифлик ҳуқуқларини тасдиқловчи, кўчмас мулк, ипотека билан билан ҳуқуқларни расмийлаштириш ҳужжатлари ҳам фармонда келтирилган давлат хизматлари рўйхатига киритилган.
Ушбу ўзгаришлар аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида қўшимча енгилликлар яратади. Уларга қимматли вақт ва маблағини тежаб қолиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон ижроси юртимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг замон талабларига мос тартиб-таомиллари жорий қилиниши, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга почта хизматларини кўрсатиш орқали ортиқча вақт йўқотиш каби оворагарчиликлар деярли барҳам топишига хизмат қилади.
Шоҳруҳ МАМАТҚУЛОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими