Айнан, талаб ва эҳтиёжга қараб давлат хизматларини таклиф этиш лозимлиги, давлат хизматларидан фойдаланиш ҳаётимиздаги оддий бир жараён, кундалик одат каби кўникма шаклланиши жуда ҳам муҳимлиги таъкидланди.
Бунда авваламбор ёш авлодда тушунча ва билимларни кенг тарғиб қилиш, нафақат ёшлар балки катта ёш авлод вакилларида ҳам етарлича кўникма ҳосил қилиш оқибатида - давлат хизматларидан фойдаланишни янада осонлаштиришини, ортиқча ҳаракат ва харажатлар олди олинишига эришиш мумкин.
Шу вақтга қадар давлат хизматлари марказларидан олисда жойлашган ҳудудларда филиаллар ташкил этилиб келинган бўлса, Қарши тажрибасида ҳар бир маҳаллада давлат хизматларини кўрсатиш бурчаклари ташкил этиш бирламчи мақсад қилиб олинди.
Шу мақсадда ҳам ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси республика миқёсида янгича ёндашув ва иш услубини олиб боришга киришди. Махсус чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Қарши шаҳри тажриба ҳудуди сифатида танланганлигини ҳисобга олиб, шаҳардаги мавжуд 62 та маҳалла ва 42 та умумтаълим мактаблари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни бошлаб юборди. Аввало, шаҳардаги мавжуд МФЙ ва мактабларининг интернет тармоғига уланганлиги ҳамда компьютер ва зарур жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолати ўрганилди.
Шу бугунга қадар 50 та маҳаллаларда ДХА вилоят бошқармаси ходимлари томонидан махсус тарғибот тадбирлари билан биргаликда сўровнома ҳам ўтказилди. Сўровномада 1543 нафар фуқаролар иштирок этиб, давлат хизматларига оид мурожаатларини ва таклифлари билдиришди.
17 ноябрь куни Қарши шаҳрининг Шайҳали шаҳарчаси ва Отчопар маҳалласи ҳудудида Давлат хизматлари марказининг филиалларида Давлат хизматлари агентлиги директори томонидан маҳалла ва унинг атрофида истиқомат қилаётган фуқароларга филиал очишдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида тақдимот бўлиб ўтган эди.
Нафақат маҳаллаларда, балки умумтаълим мактабларида ҳам махсус хизмат кўрсатиш бурчаги ташкил этиш орқали вояга етиб келаётган ижтимоий ҳаёт иштирокчиларини давлат хизматлари тўғрисида ҳозирданоқ тўлиқ тушунча ва маълумотга эга бўлишларини таъминлашдир.
Бугун Қарши шаҳар 1-ўрта таълим мактабида ўқитувчи ва битирувчи синф ўқувчи ёшлари учун давлат хизматлари бурчаги тақдимоти бўлиб ўтди.
Мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Тўхтаева Гулчеҳранинг сўзларига кўра, давлат хизматларидан иш фаолияти давомида 2-3 хил хизмат туридан кўп бора фойдаланиб келишганларини, лекин барча хизматлар ҳақида тўлиқ маълумотга айнан шу соҳада хизмат кўрсатаётган ходимлардан эшитиш анча фойдали ҳамда қизиқ бўлганини айтиб ўтди.
«Ўқитувчиларнинг вақти доим тиғиз бўлади, баъзан давлат хизматидан фойдаланиш зарур бўлганда, марказга бориб келишни ўйлаб қолардик. Онлайн хизматлар олиш анча соддалаштирилганлиги, электрон рақамли имзоларни ҳам ҳозирда онлайн тарзда олиш мумкинлиги жуда қулай деб ўйлайман. Биз ДХА бошқармаси вакиллари билан келишган ҳолда, юқори синф ўқувчилари ва ўқитувчилар учун Қарши шаҳар давлат хизматлари марказларида очиқ дарслар, экскурциялар ўтказишга келишиб олдик.»,- деди мактаб директори Зебинисо Турсунова.
Ҳозирча бир шаҳар миқёсида, кейинчалик эса республикага жорий этиладиган ушбу тажриба нафақат давлат хизматлари олиш кўникмасини ривожлантиришга, балки аҳолини қийнаётган масалалар, ҳолатлар ҳақида хабардор бўлишга ҳам ёрдам беради, яъни ўзига хос “Feedback”-«Қайта алоқа» ўрнатиш ҳамдир.
Таклиф этилаётган хизмат турлари ва уларнинг сифати, қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор бериш лозимлиги, қайси процедурани енгиллаштириш ёки бекор қилиш ҳақида айнан хизмат истеъмолчисидан фикр олиш фақатгина тизимни ривожлантиришга хизмат қилади.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятнинг ошиши ва кейинчалик давлат хизматлари «қийин ва мутлақо тушунарсиз» жараён тоифасидан «оддий, кундалик одат» даражасига айланишига эришиш – Қарши тажрибасининг асосий ва бирламчи вазифасидир!
ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати